Ўз Ру En
×

Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий мақсадимиз бўлсин

    Мамлакатимизда кечаётган янгиланишлар жараёнида ёшлар қанчалик фаол? Уларнинг ватанпарварлик туйғуларини янада юксалтириш қандай омилларга боғлиқ? Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи, полковник Рустам Хатамовнинг курсантлар билан мулоқотида айни долзарб масалалар муҳокама марказида бўлди.

    Учрашувда айтиб ўтилганидек, юртимизда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, униб-ўсиб келаётган ёшларнинг билим олиб, касб-ҳунар эгаллаши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, эзгу мақсад ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, уларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилиш орқали ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса сўнгги йилларда ёшларга оид давлат сиёсати янада устувор аҳамият касб этиб, ёшларимизнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун барча имкониятлар яратилмоқда.

– Бу йўлдаги эзгу ишлар самараси таълим муассасамиз ҳаётида ҳам яққол намоён бўлмоқда, – деди Академия бошлиғи Рустам Хатамов. – Ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлашни янги босқичга кўтариш мақсадида “Ривожланиш стратегияси”ни ишлаб чиқдик. Мазкур дастуруламал ҳужжатда қамраб олинган барча устувор вазифалар ёшларимизнинг бугуни ва эртанги тақдири билан чамбасчас боғлиқ.   

Дарҳақиқат, жамият ривожида ёшларнинг билим салоҳияти, ўз мақсади сари интилиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Айниқса мафкуравий таҳдидлар авж олаётган ҳозирги мураккаб шароитда маънавий комиллик, ахлоқий етуклик, ватанпарварлик, фидоийлик сингари фазилатлар муҳим ҳаётий эҳтиёжга айланди. Бу эса таълим-тарбияни тўғри ташкил этиш, ёшларни ўйлантираётган муаммоларни ўз вақтида ҳал этишни тақозо этади.

– Ички ишлар органларини халқчил тузилмага айлантириш пировард мақсадимиз экан, кадрлар салоҳияти ҳам шунга мос бўлиши керак. Курсантларимиз  замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллаш билан бир қаторда, ушбу касбнинг нечоғлик шарафли ва масъулиятли эканини ҳозирданоқ чуқур ҳис қилишлари лозим, – деди Академия бошлиғи.   

Очиқ мулоқотда ёшларнинг маънавий салоҳиятини юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада Президентимизнинг беш муҳим ташаббуси доирасида Иқтидорли курсантлар кенгаши, “Ёш ижодкорлар”, “Чўлпон издошлари”, “Ёш китобхонлар”, “IT билимдонлари” сингари янги тўгараклар ташкил этилиб, “Ватанпарварлик кинолари ҳафталиги”, “Театр ҳафталиги” доирасида қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилаётгани, айниқса тингловчи-курсантларнинг мардлик, жасурлик фазилатларини шакллантириш, она Ватанга меҳри ва садоқатини яна кучайтириш мақсадида “Буюк соҳибқирон Амир Темур” ҳамда “Турон қоплони Жалолиддин Мангуберди” синфхоналари барпо қилинаётгани, юртимизнинг тарихий қадамжоларига саёҳатлар уюштириш, ёшлар ўртасида маънавий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш ишлари самарадорлигини янада оширишга қаратилган яна бир қанча лойиҳалар ўқув-тарбия жараёнига татбиқ қилингани айтиб ўтилди.

Таълим маскани бошлиғи истиқболдаги вазифаларга тўхталар экан, тингловчи-курсантлар давлатимизнинг ёшларга кўрсатаётган улкан эътибори ва ғамхўрлигидан самарали фойдаланиб, илм-маърифатли бўлиш учун астойдил ўқиб-изланиш, бурчга садоқат ва фидоийликнинг олий намунасини намоён этишни таъкидлади.

Мулоқотда ўқув жараёнида инновацион ютуқларни оммалаштириш, ахборот технологияларини кенг татбиқ этиш, мамлакатимиз ва хорижнинг турдош олий таълим муассасалари билан ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтириш, ҳамкорликда маънавий-маърифий тадбирлар ташкиллаштириш, янги мутахассислик йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш борасида курсантлар томонидан ташаббуслар илгари сурилди. Ёшларни ўйлантираётган муаммоларини ҳал этиш юзасидан муҳим чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

ИИВ Академиясининг Ахборот хизмати

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech