Ўз Ру En
×

ВАКИЛЛАРИМИЗ ҒОЛИБ ВА СОВРИНДОР БЎЛИШДИ

Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан пойтахтимизда ўтказилган марафонда ҳарбий хизматчилар ва ҳаваскор спортчилар иштирок этишди.

Мусобақага Халқлар дўстлиги санъат саройи олдидаги майдондан старт берилди. Югурувчилар белгиланган йўналиш бўйича ҳаракатланиб, ўн километрлик масофани босиб ўтишга ҳаракат қилишди. Жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш мақсадида ташкил этилган тадбир чинакам байрамона руҳда ўтганини эътироф этиш жоиз.

– “Мен ғолиб!” шиори остидаги спорт мусобақасида барча бир мақсад – она Ватанимизнинг тинчлиги ва барқарорлигини мустаҳкамлаш, юртга дахлдорлик ҳисси билан яшаш мақсади сари бирлашди, – дейди ИИВ Академиясининг Жанговар ва жисмоний кафедраси катта ўқитувчиси, подполковник Александр Дыров. –  Муҳими, иштирокчилар ғалаба, матонат, ирода, фидоийлик ва жасурлик сингари фазилатларни намоён этдилар.

Марафон якунида терма жамоамиз аъзолари шоҳсупадан муносиб ўрин эгаллашди. Эркаклар ўртасида Академиянинг 2-босқич курсанти Шаҳбоз Сувонқулов фахрли учинчи ўринни эгаллаган бўлса, 3-босқичда таълим олаётган Диёра Ўрозқулова ҳамда Моҳинур Ғозиевалар аёллар орасида биринчи ва иккинчи ўринни банд қилишди. Совриндонларга медал, диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар тантанли равишда топширилди.  

 

Дилмурод ЖЎРАЕВ,

майор.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech