Ўз Ру En
×

ҲУҚУҚИЙ БИЛИМЛАР МУСТАҲКАМЛАНДИ

ИИВ Академиясида маъмурий ишлар бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг навбатдаги сайёр мажлиси бўлиб ўтди. Унда таълим муассасасининг “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти” мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган курсантлари ҳам иштирок этишди.

Сайёр суд мажлислари курсантларнинг назарий билимларини амалий кўникмалар орқалиб бойитишда, ҳуқуқий салоҳиятларини янада оширишда омил бўлмоқда. Галдаги суд жараёнида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддаси (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш), 187-моддаси (жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш), 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича содир этилган ҳуқуқбузарликлар кўрилди. Бўлажак мутахассислар маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишнинг умумий талаблари, бу борада профилактика инспекторлари томонидан эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида зарур кўникмаларга эга бўлишди.

Шунингдек, суд-ҳуқуқ соҳаси вакиллари иштирокидаги давра суҳбатида давлатимиз раҳбарининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти, суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш борасида белгиланган чора-тадбирлар, 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш Дастури ҳамда судларнинг ахборот тизимларини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирлар ҳақида фикр алмашилди.

Фуқаролик ҳуқуқи фанлари кафедраси томонидан ўтказилган машғулотда эса фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси Шерзод Ражабов “Айрим фуқаролик ишларини судда кўриш хусусиятлари” мавзуида маъруза қилди. Маърузачи никоҳдан ажратиш ва бекор қилиш тўғрисидаги ишларнинг ўзига хос хусусиятлари, оталикни белгилашнинг процессуал тартиби ҳамда меҳнатга оид низолар билан боғлиқ масалалар юзасидан ўз мулоҳаларини баён этди. Статистик маълумотлар ва суд амалиётида учраётган айрим муаммоларни таҳлил қилиш орқали тингловчи-курсантларнинг саволларига жавоб қайтарди.

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech