Ўз Ру En
×

“УСТОЗЛИК – УЛУҒ МАҚОМ, УНИ ҲАМИША ОҚЛАШ КЕРАК!”

1 октябрь – Ўқитувчилар ва мураббийлар куни

 

Инсонни безаб турадиган фазилатлар орасида камтарликдан улуғроғи бўлмаса керак. Истеъфодаги полковник Давлат Юсубов ҳам илму амали, ҳам одамийлиги билан меҳр қозонган устозларимиздан.  

У қадим Хоразм воҳасида туғилиб вояга етди. Дастлаб ўрта мактабни, 1980 йили эса Тошкент давлат университетининг Фалсафа-иқтисод факультетини аъло баҳолар билан тугатди. Қаҳрамонимизнинг ички ишлар соҳасидаги хизмат фаолиятида Тошкент олий милиция мактаби катта пойдевор вазифасини ўтади. Боиси, у соҳадаги илк қадамларини шу масканда қўйиб, эгнига шарафли ва масуълиятли касб эгаларининг хизмат кийимини кийган эди.

Давлат ака бир муддат мактабнинг ўқув курслари бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлади. Табиатидаги вазминлик, оила даврасида олган ўгитлари, тарбияси унга соҳа сир-асрорларини пухта ўрганиш, жамоага тез кўникишга йўл очди. У ишга ҳаммадан эрта келиб, жуда кеч қайтарди. Зиммасидаги масъулиятни чуқур англаган ҳолда хизмат вазифаларини пухта бажарарди. “Кўп ўтмай, мени фалсафа кафедрасига катта ўқитувчи лавозимига тайинлашди. Илк машғулотга кирганим ҳамон эсимда. Ўшанда ҳаяжоним ич-ичимга сиғмаган. Чунки ўқитувчилик улуғ касб эканлигини, бу номни оқлаш учун киши ҳар томонлама ибрат бўлиши кераклигини яхши билардим”, дея эслайди у.

Олий мактаб Академия мақомини олгач, таълим муассасасида кадрлар тайёрлаш тизими тубдан ўзгарди. Ўқув даргоҳининг салоҳиятини ҳар томонлама юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат ака ўзининг билим салоҳиятини соҳа учун етук мутахассислар тайёрлашга бағишлади. Бу пайтга келиб, у фалсафа фанлари бўйича номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган ва доцент илмий унвонини олган эди. Йиллар ўтгани сайин у моҳир ва тажрибали педагог сифатида малакасини ошириб борди ва турли кафедраларда катта ўқитувчи, кафедра бошлиғининг ўринбосари, цикл бошлиғи, кафедра бошлиғи лавозимларида самарали меҳнат қилди.

У қаерда, қай лавозимда ишламасин, аввало, ҳар бир муваффақиятнинг замирини бетиним меҳнат ва изланишда, касбга масъулият билан ёндашишда, деб билди. Айниқса ижтимоий-иқтисодий фанлар кафедрасини бошқарган йиллари жамоа кўп жабҳада ютуқларга эришди. Назарий ва амалий машғулотлар жараёнига илғор ёндашувлар жорий қилиниб, янги ўқув қўлламалари ва дарсликлар нашрдан чиқарилди. Ёш тадқиқотчи олимлар сафи кенгайди.

Устозимизнинг элу юртимиз равнақи йўлидаги меҳнатлари муносиб эътироф этилганини ҳам эътироф этиш жоиз.  У давлатимиз раҳбарининг фармони билан “Шуҳрат” медали, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 27 йил”, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонлари, шунингдек “Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясига 25 йил”, Ички ишлар вазирлигининг “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Қувонарлиси, бу йил ушбу мукофотлар сафига “Ички ишлар органларининг фахрий ходими” кўкрак нишони ҳам қўшилди.

Вақт – бамисоли оқар сув. Давлат ака Юсубовнинг ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятига ҳам қирқ йил тўлибди. Ўйлаб қарасак, бу оз фурсат эмас. Шу йиллар мобайнида у нафақат касбига бўлган эътиқоди, балки одамийлиги, камтарлиги, ҳаётга бўлган эзгу қарашлари билан иззат-икром топди, десак муболаға бўлмайди. Бугун нафақат юртимиз, балки қўшни республикалар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида хизмат қилаётган соҳа ходимлари ҳам уни “устоз” дея қадрлашади. Чунки камтарин устоз шогирдларининг ҳаётда ўз ўрнини топишида озми-кўпми ҳисса қўшган, уларга тўғри йўл кўрсата олган.

Устозимиз ҳозир ҳам тиниб-тинчимайди. Эркин ёлланган ходим бўлса-да, ўзи раҳбарлик қилаётган ижтимоий-иқтисодий фанлар кафедрасининг салоҳиятини юксалтиришда амалий тажрибасини аямай келмоқда. Унинг айтишича, инсоннинг ҳақиқий зийнати бу – илму маърифат ва яхши амаллар ила юртга садоқат билан хизмат қилишдир.

 Шогирдларингиз бахтига бор бўлинг, жонкуяр устоз!

 

Жамшид ХОЛОВ,

катта лейтенант.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech