Ўз Ру En
×

УСТОЗЛИК – ОЛИЙ МАҚОМ

Инсоннинг инсон бўлиб шаклланиши, ҳаётда муносиб ўрин олишида устозларнинг залворли меҳнати бор. Жамиятдаги ҳар бир соҳа ривожи, том маънода, “устоз-шогирд” анъаналарининг яхши йўлга қўйилганига боғлиқ, десак муболаға бўлмайди. 

Ички ишлар тизимида соҳага кўп йиллик меҳнати сингган фахрийларга юксак даражада иззат-икром кўрсатилади. Уларнинг фидокорона хизмати, ибратли умр йўли муносиб қадрланади. Генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбовнинг 48 йиллик меҳнат фаолияти ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ўтди. Республикамизда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш, тизим фаолиятини такомиллаштиришга муносиб ҳисса қўшди.

Касбига садоқати, ибратга арзигулик фазилатлари, эзгу амаллари билан эъзоз топди, устозлик мақомига эришди. Айниқса унинг Ички ишлар вазирлиги академиясида раҳбарлик қилган йиллари ўқув даргоҳида кўплаб янгиланишлар амалга оширилди.

Соҳа фахрийсини нафақага кузатиш маросимида Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, таълим муассасаси жамоаси, қадрдон ҳамкасб дўстлар жам бўлишди.

– Инсон ҳаётда ўзидан яхши ном қолдиришга интилиб яшайди, – деди Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов. – Умрнинг мазмуни ҳам яхши амаллар ўлчанади. Мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, айниқса ички ишлар тизимида хизмат қилаётган касбдошларимиз Баходир Ахмедовични ана шундай инсон сифатида яхши билади. Халққа садоқат билан хизмат қилиш учун киши ўз Ватанини севиши, касбининг машаққатини юракдан ҳис этиши, юксак дахлдорлик ҳисси билан ёниб яшаши керак. Убу инсоннинг инсоний фазилатлари ёшларга чинакам ибратдир.

Тадбирда сўзга чиққанлар соҳада узоқ йиллар самарали хизмат қилаётган фахрийларнинг касб йўли ёш кадрларни ҳаётда тўғри қадам ташлашга, касбини эъзозлашга, она юртимизнинг ёруғ истиқболи учун виждонан хизмат қилишга ундаб бориши эътироф этилди.

ИИВ Академияси ахборот хизмати

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech