Ўз Ру En
×

ТУРНИР СОВРИНДОРЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

Ҳарбий олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган футбол турнири ўз ниҳоясига етди.

Аввал хабар қилинганидек, 10–15 ноябрь кунлари Ички ишлар вазирлиги академияси спорт мажмуасида минифутбол бўйича турнир ташкиллаштирилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати академияси, Қуролли Кучлар академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳамда Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти курсантларидан таркиб топган бешта жамоа совринли ўринлар учун кураш олиб борди.

Муросасиз ва курашларга бой ўтган турнир давомида жамоалар ўзаро биттадан ўйин ўтказганини айтиб ўтиш жоиз. Турнирнинг сўнгги кунида ҳам икки ўйин ўтказилди. Илк учрашувда Қуролли Кучлар академияси футболчилари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси жамоасига қарши тўп суриб, 2:5 ҳисобида мағлубиятга учради. Мезбон жамоа вакиллари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати академияси курсантлари ўртасидаги тўқнашувда йирик ҳисоб қайд этилди. Унда Ички ишлар вазирлиги академияси футболчилари ўз тенгқурларига ҳеч қандай имконият қолдиришмади (5:0).

Шундан сўнг турнир ғолиб ва совриндорлари тантанали равишда тақдирланди. Таълим муассасалари мутасаддилари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳодимлари, спорт фахрийлари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни янада оммаллаштириш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида камол топтириш, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтишди.

Мусобақа якунига кўра, Қуролли Кучлар академияси жамоаси турнир ғолиблиги, Кубок ҳамда олтин медлларни қўлга киритди. Ички ишлар вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати академиялари курсантлари эса фахрли ўринлар соҳиби бўлишди. Турнир давомида ўз сермаҳсуллиги билан ажралиб турган Қуролли Кучлар академияси курсанти Жавоҳир Эшовов энг яхши ҳужумчиси, Давлат хавфсизлиги хизмати академияси курсанти Муҳаммадали Чориев энг яхши ҳимоячи, Ички ишлар вазирлиги академияси курсанти Умид Муродов эса энг яхши дарвозабон учун аталган совринни қўлга киритдилар. Шунингдек, учрашувларга ҳакамлик қилган Ўзбекистон футбол ассоциацияси вакилларига ҳам эсдалик совғалари топширилди.

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech