Ўз Ру En
×

ТУРНИР ДАВОМ ЭТМОҚДА

Кузнинг бироз изғиринли, серёғин куни ортда қолиб, футбол турнири яна давом эттирилди. Мусобақа тақвимига кўра, дастлаб Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати академиялари ўзаро куч синашди.

Ўйинни шарҳлашдан олдин жамоаларнинг турнир жадвалидаги ҳолати ҳақида тўхталиб ўтсак. Ўз ҳисобига биттадан ғалаба ва мағлубиятни ёзиб қўйган Давлат хавфсизлик хизмати академияси жамоасида 3 очко мавжуд. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси курсантлари эса битта ўйин ўтказиб, мезбон жамоа вакилларига имкониятни бой беришганди. Шу боис, кейинги учрашув Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси жамоаси учун ўзига хос приципиал аҳамият касб этарди.   

Учрашув аввалида ҳар иккала жамоанинг майдонга уч очко илинжида тушгани яққол сезилди. Давлат хавфсизлик хизмати академияси футболчилари рақибнинг кучли босимига қарши  ҳужум тактикасида тўп суришди. Бироқ тайм ўрталарига бориб Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси футболчилари секин-аста ўйин тизгинини бой бера бошладилар. Бундан унумли фойдаланган рақиблар комбинацион ҳужумлар орқали ҳисобда икки маротаба олдинга чиқиб олишди. Иккинчи тайм янада кескин руҳ олди. Ўйиннинг асосий қисми майдон марказида кечиб, жамоалар бир-бирларининг хатоларини “тузатиш”га интилди. Бироқ уч очкога эга чиқиш шу куни Давлат хавфсизлик хизмати академияси футболчиларига насиб қилди. Улар яна бир тўп киритиб, 3:0 ҳисобида зафар қучдилар.

Қуролли Кучлар академияси ва Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти курсантлари ўртасидаги баҳсда йирик 10:3 ҳисоби қайд этилиб, бўлажак ҳарбийлар 3 очко соҳибига айландилар.   

Турнирнинг учинчи кунига келиб барча жамоалар ўйин ўтказганини айтиб ўтиш жоиз. Жами уч марта майдонга тушган  Давлат хавфсизлик хизмати академиясида 6 очко, Миллий гвардия Ҳарбий-техник институтида 0 очко, икки марта майдонга тушган Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамда Қуролли Кучлар академиясида 6 очко, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида 0 очко мавжуд.

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech