Ўз Ру En
×

ТИЛГА ЭЪТИБОР – ВАТАНГА ЭЪТИБОР

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Алишер Навоий маҳалласида Ўзбек тили байрамига бағишланган маънавий-маърифий  тадбир ўтказилди.

“Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги академияси, “Миллий тикланиш” демократик партиясининг шаҳар ва туман кенгашлари вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари ўз чиқишлари билан иштирок этди.

Айтиб ўтилганидек, тил халқнинг бебаҳо бойлиги, миллий ғурури тимсолидир. Туркий тиллар оиласига мансуб ўзбек тили ҳам қадриятларимизнинг ёрқин намунаси сифатида авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Сўз мулкининг султони Алишер Навоий тилимизнинг чинакам латофати ва жозибасини тараннум этиб, ижодини юксак чўққига олиб чиқди. Асрлар давомида буюк аждодларимиз қолдирган улкан адабий мерос она тилимизнинг боқий қудратидан далолат беради, албатта.

Бугун юртимиз бўйлаб Ўзбек тили байрамининг кенг миқёсда нишонланаётгани, том маънода, халқимизнинг тарихий ютуғидир. Ўзбек тилининг мавқеи ва нуфузини янада юксалтиришга улкан эътибор қаратилмоқда. Тадбирда бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳали бисёрлиги таъкидлаб ўтилди. Чунончи, давлат ва жамоат ташкилотлари фаолиятида ўзбек адабий тили меъёрларидан фойдаланиш бўйича жузъий камчиликлар кўзга ташланади. Аҳолининг айрим қатламлари, хусусан, ёшлар орасида она тилимизга беписанд муносабатда бўлаётган, мулоқот жараёнида турли тилларни қўшиб, ёзма ва оғзаки нутқ қоидаларини бузаётганлар ҳам йўқ эмас. Сўзга чиққанлар тил, мулоқот инсоннинг маънавий оламини кўрсатиб, она тилимизга бўлган бундай эътибор Ватанга нисбатан нечоғлик дахлдорлигимизни намоён этиши таъкидланди. Маънавий ҳаётимизга раҳна солаётган бундай иллатларга қарши маҳаллалар ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш борасида мулоҳазалар ўртага ташланди.

Байрам тадбирида оркестр садолари ва тинчлигимизни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.   

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати  

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech