Ўз Ру En
×

Терговчилар малака оширишмоқда

ИИВ Академиясида ички ишлар органлари тергов бўлинмалари ходимлари учун ўқув курслари ташкил қилинди. Йиғиндан кўзланган мақсад соҳа вакилларининг касбий билимларини мустаҳкамлаш, кўникма ва маҳоратларини узлуксиз оширишдан иборат.

– Сўнгги йилларда суд-тергов тизимида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дейди Академиянинг Дастлабки тергов ва криминалистика кафедраси бошлиғи, подполковник Бахтиёржон Муродов. – Ўқув машғулотларида асосий эътибор, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов институтини такомиллаштириш, шунингдек фуқароларнинг эркинликлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли кафолатини таъминлаш билан боғлиқ қонунчиликка киритилган янгиликларни ходимларга етказишга қаратилган. Бундан ташқари, тергов амалиётида учраётган муаммоларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, айрим ҳолларда ишни судга қадар юритиш босқичида айрим ходимларда процессуал ҳамда профессионал камчиликларга кўзга ташланмоқда. Бу эса соҳа ходимларининг малака ва тажрибасини янада ошириш, тизимга замонавий технологияларни кенг татбиқ этиш заруратини юзага келтираётган эди. Шу боисдан ушбу малака ошириш курсларини ташкил этилиши айни муддао бўлмоқда.

Ўқув йиғини доирасида тергов жараёнида ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фойдаланиш, тергов фаолиятига оид ҳисоботларни юритиш ва таҳлил қилиш, жиноятларни тергов қилишда хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, бир қанча жиноятларни тергов қилишнинг ўзига хос тактикаси, фирибгарлик, жинсий эркинликка қарши, гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, босқинчилик жиноятларини тергов қилиш методикаси, ички ишлар органлари фаолиятида қўлланиладиган жанговар қуроллардан фойдаланиш ва бошқа мавзуларда машғулотлар ўтказилмоқда. 

Таълим сифатини ошириш мақсадида дарслар Бош прокуратура академияси, ИИВ Тергов департаменти, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, ИИВ Академияси ва бошқа ташкилотларнинг малакали мутахассислари, профессор-ўқитувчилар иштирокида асосан амалий машғулот ҳамда ролли ўйинлар шаклида ташкил этилмоқда.

Шунингдек, йиғин доирасида ходимлар билан ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази, Ҳадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази ҳамда пойтахт ва Тошкент вилояти ИИББларида сайёр амалий машғулотларни ўтказиш режалаштирилган. Ўн кунлик йиғин сўнггида синовларни муваффақиятли топширган ходимларга сертификатлар топширилади.  

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати  

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech