Ўз Ру En
×

ТЕГИШЛИ ЧОРА-ТАДБИРЛАР БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

Ички ишлар вазирлиги академиясида курсантларнинг иш ўрганиш амалиётини ташкил этишга бағишланган йиғилиш ўтказилди. Тегишли таркибий тузилмалар мутасаддилари, профессор-ўқитувчилар ва курсантлар қатнашган йиғилишни таълим муассасаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Ражаббой Отажонов олиб борди.

Йиғилишда иш ўрганиш амалиётини самарали ташкил этиш, амалиёт даврида хизмат интизоми ва қонунчиликка қатъий амал қилиш, курсантлар ва уларга бириктирилган ходимларнинг шахсий масъулияти ҳамда жавобгарлигини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Айтиб ўтилганидек, ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалиётга татбиқ этилмоқда. Жорий ўқув йилида кундузги таълимнинг “тергов фаолияти”, “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти”, “тезкор-қидирув фаолияти”, “эксперт-криминалистик фаолият”, “йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фаолияти” ҳамда “хизмат фаолиятини психологик таъминлаш” мутахасcисликлари бўйича таълим олаётган курсантлар тўрт ой мобайнида амалий кўникмаларини мустаҳкамлайдилар. Бу борада “йўл харитаси” ишлаб чиқилган бўлиб, амалга оширилиш лозим бўлган вазифалар белгиланган.

Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлиги бошқармасининг вазирлик Академияси бўйича бўлими бошлиғи, подполковник Бахтиёр Рапиков ҳозирги мураккаб шароитда ҳушёрлик ва огоҳлик долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлаб, амалиёт даврида хизмат интизоми ва талабчанликни ошириш, ишга масъулият ва талабчанлик билан ёндашиш, турли ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича тегишли кўрсатмаларни берди. 

Йиғилишда сўзга чиққанлар таълим жараёнидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлашнинг ўзига хос жиҳатлари, ички ишлар органлари тизимига қўйилаётган устувор талаблар, шунингдек амалиёт даврида аҳамият қаратилиши лозим бўлган муҳим йўналишлар хусусида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати    

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech