Ўз Ру En
×

ТАРБИЯВИЙ ИШЛАРДА ЛОҚАЙДЛИККА ЎРИН ЙЎҚ

Академиянинг тарбиявий ишларга масъул вакиллари иштирокидаги йиғилишда доимий ва ўзгарувчан шахсий таркиб ўртасида хизмат интизомини мустаҳкамлаш, ёшларнинг маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтириш масаласи муҳокама қилинди.

   Танқидий руҳда ўтган йиғилишни таълим муассасаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Алишер Абдуллаев олиб борди.

   Йиғилишда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Академия ходимлари ҳамда тингловчи-курсантлари билан амалга оширилган тарбиявий аҳамиятга молик чора-тадбирлар таҳлил қилинди. Таъкидлаб ўтилганидек, ўзгарувчан ва доимий таркиб ўртасида меҳнат интизомини яхшилашга қаратилган профилактик тадбирлар турли салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

– Ёшлар тарбиясига лоқайдлик билан қарашга ҳаққимиз йўқ, – деди  ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармасининг вазирлик Академияси бўйича бўлими бошлиғи, подполковник Бахтиёр Рапиков. – Бугун таълим-тарбия олаётган тингловчи-курсантларимиз ўқув даргоҳини муваффақиятли тамомлагач, ички ишлар тизимининг турли соҳавий йўналишларида хизмат қилишади. Уларнинг ўз ишини қонун талаблари асосида олиб бориши, жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар ҳамда жиноятчиликнинг олдини олишга муносиб ҳисса қўша олиши ўқув жараёнида эгаллаган касбий билими ва кўникмаларига, маънавий-ахлоқий жиҳатдан шаклланишига боғлиқ. Таҳлиллардан маълум бўлаяптики, жойларда хизмат интизомини қўпол равишда бузаётган соҳа вакиллари орасида ёш ходимлар ҳам салмоқли ўрин эгаллайди. Демак, ўзгарувчан таркиб билан амалга оширилаётган тарбиявий ишларда “бугунги курсант ва тингловчи – эртанги ходим”, тамойили асосида иш олиб боришимиз керак. Бироқ тарбиявий ишларга масъул ўрта ва қуйи бўғин ходимларининг ўз хизмат вазифасига етарли даражада ёндашмаётгани ҳам учраб турибди. Эндиликда мониторинг тизимини жорий қилиш орқали ҳар бир ходим фаолиятига холисона баҳо бериб, тарбиявий ишларни тизимли равишда ташкил этишни режалаштиряпмиз.

Йиғилишда ички ишлар органлари учун етук малакали тайёрлашда ўқув-тарбия жараёнини такомиллаштириш, таркибий тузилма бошлиқларининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарлари фаолиятини янада кучайтириш, жамоада хизмат интизоми ва қонунийликка амал қилишни янада мустаҳкамлашда ходимларнинг шахсий жавобгарлиги, ташаббускорлиги ва масъулиятни ошириш, тарбиявий ишлар самарадорилигига хизмат қилувчи таъсирчан механизмларни жорий этиш бўйича зарур вазифалар белгилаб олинди.  

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати   

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech