Ўз Ру En
×

ТАНКЧИЛИКДАН – ЎҚИТУВЧИЛИККА

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни

Унинг орзуси танчки бўлиш эди. Чирчиқ олий танк қўмондонлик муҳандислик билим юртини тамомлагач, юртимизнинг жанубий сарҳадларидаги ҳарбий қисмда хизмат фаолиятини бошлади.

– Болалигимда ҳарбийлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи фильмларни мириқиб томоша қилардим, – дейди лавҳамиз қаҳрамони, подполковник Маҳмуд Рустамов. – Ўрта мактабни тугатганимдан сўнг, ҳужжатларимни Чирчиқ шаҳридаги билим юртига топширдим. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, тўрт йил давомида соҳа сир-асрорларини пухта ўргандим.

Маҳмуд аканинг ҳарбий соҳани танлашида оилада кўрган тарбияси муҳим пойдевор бўлди. Ҳарбий хизматчиларга хос мардлик, ватанпарварлик, шижоат, вазминлик сингари фазилатлар унинг табиатида болаликданоқ шаклланди. Шундан бўлса керак, қаҳрамонимиз ўз касбининг машаққатларини сабот билан енгди. Кейинчалик оилавий шароит туфайли Тошкентга қайтган Маҳмуд ака хизмат фаолиятини Ички ишлар вазирлиги академиясида давом эттиришга қарор қилди.

Мана, йигирма йилдан ошибдики, у ўқув муассасасида тингловчи-курсантларга таълим бериб келмоқда. Ҳарбий тайёргарлик кафедрасида Маҳмуд аканинг алоҳида ўрни бор, боиси, жамоада меҳнат қилаётган аксарият ўқитувчи-мураббийлар ундан устозлик сабоғини олишган. Ўз касбининг жонкуяри бўлган қаҳрамонимиз ижодий изланишдан сира тўхтамайди. Назарий ва амалий машғулотларни илғор ёндашувлар асосида ташкил этишга ҳаракат қилади. Ўтган йиллар мобайнида у бир неча дарслик ва ўқув қўлланмаларни нашрдан чиқарди. Ҳозирда ўзининг кўп йиллик тажрибаси ва салоҳиятини “устоз – шогирд” анъаналарини самарали давом эттиришга бағишлаб келмоқда. Бир сўз билан айтганда, ички ишлар органлари учун замонавий билимларни эгаллаган, жанговар ва жисмоний чиниққан, маънавий-ахлоқий етук кадрларни тайёрлаш, ёшларнинг юртга садоқат ва муҳаббат туйғуларини юксалтиришда муносиб ҳисса қўшмоқда.

–  Жамоамиз учун ўз ёрдамини аямайдиган бу инсондан кўплаб фазилатларни ўргандим, – дейди кафедра катта ўқитувчиси, подполковник Мавлон Алимов. – Устозимиз тартиб-интизом, масъулият ва касбдошларга елкадош бўлишни ҳамиша устун қўяди. Машғулотлардан бўш пайтлари стол тенниси, футбол ўйнаб туришни ҳам канда қилмайди.

Қаҳрамонимиздан “касбингиз туфайли нималарга эришдингиз?”, дея сўраганимизда, камтарлик ила “кўплаб шогирдлар орттирдим” деди. Дарҳақиқат, Маҳмуд аканинг чинакам ютуғи бу – ўз касбига чексиз садоқати, меҳнатсеварлиги, эзгу ишларнинг бошини тутганидадир. Уч ўғил ва бир қизни вояга етгазган устоз шарафли касбнинг соҳиби эканлигидан дилида мамнунлик ҳиссини туяди. Эл корига ярашни мақсад қилган шогирдлари билан ҳамиша фахрланади.

 

Жамшид ХОЛОВ,

катта лейтенант.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech