Ўз Ру En
×

ТАЪЛИМ СИФАТИ ОШМОҚДА

Замонавий таълим тараққиётга хизмат қилади. Яқинда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари бу ҳақда тўхталиб, олий таълим соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, таълим самарадорлигини янада юксалтириш масалаларига алоҳида аҳамият қаратдилар. Бугунги кунда Ички ишлар вазирлиги академиясида ҳам ўқитишнинг илғор усуллари кенг татбиқ этилмоқда.

Ўқув машғулотларининг ички ишлар тизими соҳавий хизматлари мутахассислари, тажрибали амалиёт ходимлари томонидан олиб борилаётганини эътироф этиш лозим. Масалан, ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси вакиллари иштирокида ўтказилган дарс машғулоти ноқонуний миграция ва одам савдосининг олдини олишга бағишланди. Унда Терроризм ва одам савдосига қарши курашиш кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамда кундузги таълим курсантлари иштирок этди. Миграция тизимини такомиллаштириш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида мамлакатимиз қонунчилигида рўй бераётган ўзгаришлар, ички ишлар органи ходимларининг одам савсоди жиноятларига қарши курашиш фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари курсантларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Шунингдек, кафедра аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги  “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни ҳам кенг тарғиб қилиняпти. Раҳбар кадрларни тайёрлаш факультети тингловчилари ҳамда кундузги таълим курсантлари билан ўтказилаётган машғулотларда мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти, асосий принциплари, одам савдосига қарши соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар батафсил тушунтирилмоқда.     

Ижтимоий-иқтисодий фанлар кафедраси ташаббуси билан ташкил этилган машғулотда Ўзбекистон экологик партияси Марказий Ижроия Кенгаши раиси ўринбосари, профессор Саидрасул Сангинов маъруза қилди. Нотиқ минтақамиз ҳамда жаҳонда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар нигоҳида глобаллашув даврининг ижобий ва салбий жиҳатлари, иқлим ўзлариши, атроф-муҳим ифлосланиши муамолари, турли табиий офатларнинг инсоният тараққиётига таъсири ҳақида тўхталди.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ўртасидаги меморандум доирасида “Ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг аппарат дастурий воситалари” мавзусида машғулот ўтказилди. Маърузада курсантлар аппарат-дастурий воситалар ёрдамида ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг асосий тушунчалари, компьютер тизимларидан фойдаланиш ҳуқуқини чеклашнинг усул ва воситалари, комплекс хавфсизлик, ахборот тармоғида ахборот хавфсизлигининг аппарат-дастурий воситалари ҳақида зарур билимларга эга бўлишди. Академиянинг Ахборот технологиялари кафедраси бошлиғи, подполковник Абдурасул Иминовнинг айтишича, таълим самарадорлигига эришишда илғор тажрибаларни ўрганиш, инновация технологияларидан мақсадли фойдаланиш муҳим саналади. Бундай машғулотлар курсларимизнинг ахборот технологиялари, киберхавфсизликка оид билимларини юксалтириб, келгусида ўз соҳаларининг етук мутахассиси бўлишига замин яратади.

Шунингдек, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига қарашли Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида ҳам машғулот бўлиб ўтди. Унда соҳа мутахассислари профилактика инспекторининг вояга етмаганларни ихтисослаштирилган ўқув тарбия муассасаси ва ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштириш фаолияти юзасидан амалий кўникмаларини бойитдилар.

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech