Ўз Ру En
×

ТАҚДИРНИ ЎЗГАРТИРГАН ЁЗУВ

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни

Ҳаётда турфа хил одамлар, тақдирлар учрайди. Лавҳамиз қаҳрамони – Ҳарбий тайёргарлик кафедраси катта ўқитувчиси, подполковник Баҳодир Тиллаходжаевнинг умр йўли ҳам кечинмаларга бой.

Орзу болаликдан шаклланади. Улғайганимиз сайин билим олишнинг, касб-ҳунар эгаллашнинг асл мағзини англаб борамиз. Баҳодир ака Тошкентнинг Яшнобод туманида ўсиб-улғайди. У ёшликданоқ ўз олдига ҳарбий хизматчи бўлишдек шарафли мақсадни қўйди. Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти (ҳозирги Қуроллик Кучлар академияси)да кўплаб тенгқурлари қатори қунт билан билим олди. Ўқишни муваффақиятли битиргач, ёш лейтенантни Қозоғистон Республикасининг Толдиқўрғон туманидаги ҳарбий қисмга юборишди.

– У пайтлар билим юртини тамомлаган ёш офицерлар Ўрта Осиё ҳарбий огруги томонидан тақсимланарди, – дея эслайди қаҳрамонимиз. – Хизматнинг илк кунлари бироз машаққатли бўлган. Кўп ўтмай, қийинчиликлар ортда қолди. Одатдаги кунларнинг бирида ҳарбий қисмнинг ёш мутахассисларини йиғишди. Махсус топшириқ билан аэродром томон йўл олдик. Тўғриси, қаерга кетаётганимиз, қандай вазифанинг юклатилганидан бехабар эдик. Бир неча соатлик парвоздан сўнг ойнадан ташқари томон қарасам, самолётимиз баланд тоғлар оралаб қўнишга чоғланяпти. Манзилга етиб борганимиздан сўнг Душанбе шаҳрида эканлигимизни билганмиз. Шундан сўнг хизматни шаҳардаги ҳарбий қисмда давом эттирдим.

Собиқ иттифоқ парчалангач, миллий армиямизда етук малакали кадрларни жамлаш эҳтиёжи вужудга келди. Қаҳрамонимизнинг шахсий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига юбориладиган бўлди. Бироқ тасодиф туфайли ҳужжатлар устига “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига юборилсин” деб ёзиб қўйилади. Тақдирнинг ҳазили билан у хизмат фаолиятини ички ишлар органлари тизимида давом эттирди.

– Мени Тошкент олий милиция мактабининг Ҳарбий сафарбарлик ва махсус тактик тайёргарлик кафедрасига ўқитувчи этиб тайинлашди, – дейди у. – Ўша йиллари кафедрага полковник Геннадий Иванович Васильев раҳбарлик қиларди. Моҳир педагог сифатида шаклланишимда уларнинг меҳнатлари беқиёс. Кейинчалик Академиянинг сиртқи бўлимида ўқишимни ҳам улар маслаҳат берганлар. “Илм йўлида изланишдан тўхтамаган ўқитувчи ҳамиша ютади”, дея кўп айтардилар. Ўқишни тамомлаганимдан кейин, ўн йилдан ортиқ ички ишлар идораларида ишладим, касбий кўникма ва тажрибамни бойитдим.

2007 йили Баҳодир ака яна қадрдон кафедрасига қайтди. Шундан бери у курсантларнинг ҳарбий соҳага оид билимларини мустаҳкамлаш, ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш йўлида фидокорона меҳнат қилиб келмоқда. Сабот ва матонат, юртга садоқатни ҳаёт шиори деб билган устозимизнинг машаққатли касб йўли ёш ходимлар учун чинакам ибратдир.

 

Жамшид ХОЛОВ,

катта лейтенант.  

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech