Ўз Ру En
×

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар янги йилда ҳам изчил давом эттирилиши маълум қилинди. Унга кўра, янги йилдан бошлаб фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги судлар битта суд сифатида бирлаштирилиши, суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш  амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади.

Мурожаатномада тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш зарурлиги, ушбу ҳолатлар ҳали ҳам учраб тургани, фуқароларда жиддий эътирозларни келтириб чиқараётгани таъкидланди.

Бу жараёнда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади. Ривожланган демократик давлатларда жиноятларнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни тез ва тўла очиш, айбсиз инсонни қонунга хилоф равишда жавобгарликка тортмаслик, одил судловнинг барча босқичларида тарафларнинг тенглигини таъминлаш инсон ҳуқуқлари бўйича умумэътироф этилган масалалар саналади.

Шунингдек, процессуал мажбурлов чораларини асосли қўллаш, суд-тергов амалиётида шахсни қийноққа солмаслик, унга шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматини камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўлламаслик, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни фош этишда фаол кўмаклашгани учун шахсни жавобгарликдан тўлиқ ёки қисман озод қилиш, жабрланувчиларга етказилган мулкий зарарни қоплаш ҳамда жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш орқали фуқароларнинг ишончини қозониш устувор вазифалардандир.

Шу маънода, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги институционал ислоҳотлар доирасида маҳкумлар ва қамоққа олинган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётгани эътиборга молик. Бу борада жиноят-ижроия қонунчилигини, шу жумладан, озодликдан маҳрум этиш жойларида маҳкумларни сақлаш шарт-шароитларини янада яхшилашни назарда тутувчи қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этгани учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайловларда иштирок этиши бўйича чеклов бекор қилинди.

Айни пайтда Жиноят-ижроия кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Айниқса, Қорақалпоғистон ИИВга қарашли 19-ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колонияси (“Жаслиқ” колонияси)нинг тугатилиши, юртимиз шаънига доғ бўлиб тушган ёмон тамғали муассасадан воз кечиш ва халқаро майдонда Ўзбекистон имижини кўтариш, шунингдек, билиб-билмай жиноят содир этган юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, хусусан, маҳбуслар сонини камайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ана шундай инсонпарвар сиёсат туфайли ўтган қисқа даврда мамлакатимизда маҳбуслар сони икки баробар камайишига эришилди. Бу эса Ўзбекистон Президенти том маънода инсон ҳуқуқлари кафили эканининг амалий исботидир.

Мурожаатномада жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш борасидаги ишлар давом эттирилиши, жумладан,халқаро стандартлардан келиб чиқиб, 25 та манзил-колония босқичма-босқич қисқартирилиши таъкидланди.

Бундан буён биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга берилган жазо енгилроғига алмаштирилса, у манзил-колонияга ўтказилмасдан, тўғридан-тўғри пробация назоратига олиниши, мазкур енгиллик натижасида ҳозир жазо ўтаётган 6 минг нафар шахсга ўз маҳалласи назоратида, оиласи бағрида бўлиш имконияти яратилиши қайд этилди.

Зотан, илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларга кўра, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилинган, жумладан, шартли ҳукм қилинган маҳкумларни аҳлоқан тузатиш, уларни жамиятдан ажратмаган ҳолда жамоатчилик билан узвий ҳамкорликда қайта тарбиялаш мақсадида ташкил этилган пробация хизмати бугунги кунда ўзининг ижобий натижасини бермоқда.

Мурожаатномада тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш зарурлиги, ушбу ҳолатлар ҳали ҳам учраб тургани, фуқароларда жиддий эътирозларни келтириб чиқараётгани таъкидланди.

Ҳақиқатан ҳам, шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотларга қарамасдан,ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушлаб турилган, қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатлари учраётгани ачинарлидир.

Бу каби аянчли ҳолатлар мамлакатимизнинг халқаро нуфузига путур етказиб, рейтинг ва индекслардаги ўрнимизга таъсир кўрсатмай қолмайди.

Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси факультатив протоколига қўшилиши масаласини кўриб чиқиши белгилангани таҳсинга лойиқ.

Мурожаатномада қийноқларнинг олдини олиш бўйича Омбудсман ваколатларини кенгайтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш,Омбудсман томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари”ни амалга ошириш, Олий Мажлис палаталари ҳар йили Омбудсманнинг қийноқларнинг олдини олиш бўйича маърузасини эшитиб, бу иллатга бутунлай барҳам бериш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаши лозимлиги қайд этилди.

Ҳақиқатан ҳам, жиноят процессининг барча босқичида жамоатчилик назоратини кучайтириш юқорида қайд этилган салбий ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, жиноят ишларини юритиш жараёнида оммавий ахборот воситаларининг иштирокига кенг йўл очиш, жиноят ишини юритишга масъул бўлган мансабдор шахсларни ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш жараёнига эътиборни кучайтириш, маънавиятини юксалтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, жиноят ишларини юритишга рақамли технологиялар, илғор илмий-техник воситалар, шунингдек, замонавий иш усулларини кенг жорий этиш зарур.

Зотан, янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс даври пойдеворини яратишда, энг аввало, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уни олий қадрият даражасига кўтариш муҳим аҳамият касб этади.

Баҳром САИДОВ, ИИВ Академияси илмий кенгаши котиби, юридик фанлар доктори, доцент

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech