Ўз Ру En
×

СОВРИНДОРЛАР ТАҚДИРЛАНДИ

Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб Ички ишлар вазирлиги таркибий тузилмалари ўртасида минифутбол турнири ташкиллаштирилди.

“Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остида ўтказилган мусобақада жами 16 та жамоа иштирок этди. Қизғин курашларга бой турнирда тўрт жамоа ярим финалга қадар етиб келди. Дастлабки ўйинда ИИВ Академияси футболчилари вазирлик Ахборот хизмати жамоасига қарши майдонга тушиб, рақибларини мағлуб этишди. Иккинчи баҳсда эса Тошкент шаҳар ИИББ терма жамоаси ИИВ Молия ва моддий-техника таъминоти департаменти ходимларидан таркиб топган жамоа устидан ғалаба қозонди.

Мусобақа финали тенг ва муросасиз курашлар остида кечди. Асосий вақтда ғолиб номи аниқланмагач, учрашув ҳаками жамоаларни пенальтилар сериясига таклиф қилди. Ҳал қилувчи паллада рақибларига кўра аниқроқ тўп тепган Тошкент шаҳар ИИББ жамоаси якунда ғолибликни қўлга киритди. ИИВ Академияси футболчилари иккинчи, Молия ва моддий-техника таъминоти департаменти терма жамоаси учинчи ўринни эгаллашди.

Турнир совриндорлари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech