Ўз Ру En
×

СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ ТАРҒИБ ҚИЛИНМОҚДА

“Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остида ўтказилаётган мусобақалар аҳоли ўртасида жисмоний тарбия ва соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга хизмат қилмоқда. Бувайда тумани ички ишлар бўлими ташаббуси билан ташкил этилган минифутбол мусобақаси фикримизнинг ёрқин мисолидир.

Уюшмаган ёшларни бирлаштириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ҳар томонлама етук камол топиши учун муносиб шарт-шароитларни яратиш мақсадида ўтказилган турнирга ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган ёшлар жалб қилинди. Айтиш керакки, мусобақанинг ҳар бир учрашуви муросасиз ва қизғин курашларга бой ўтиб, якунда “Янги Қўрғон” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси ғолибликни қўлга киритди.

Совриндорларни тақдирлаш маросимида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, сектор раҳбарлари, шунингдек Фарғона вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали йўлга қўйиш мақсадида тарғибот тадбирларини амалга ошираётган ишчи гуруҳи вакиллари иштирок этишди.

 –  Спортга меҳр қўйган ёшлар ҳеч қачон нотўғри қадам ташламайди, – деди Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов. – Майдонда тўп сурган навқирон йигитларнинг шижоати, ғалабага бўлган иштиёқи барчамизни қувонтирди. Бу каби мусобақалар орқали ёш авлодни бир мақсад сари бирлаштириш, улар орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш асосий мақсадимиз.

Тадбир сўнггида профилактика инспекторларининг ёшлар билаш ишлаш фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар айтиб ўтилиди.

 

ИИВ Академияси ахборот хизмати    

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech