Ўз Ру En
×

СОДИҚ ПОСБОНЛАР БЕЛЛАШУВИ

Ҳарбий олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган беллашув ёшларнинг юртга садоқат, мардлик, ватанпарварлик тўйғуларини намоён этди.

Тадбир аввалида Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти бошлиғининг ўринбосари, полковник Икромжон Маҳмудов йиғилганларни Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 29 йиллиги билан муборакбод этиб, юртимизда камол топаётган йигит-қизларни она Ватанимизга муносиб ворислар этиб тарбиялаш, уларнинг ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш, мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларнинг фаол ташаббускори ва иштирокчисига айлантириш, ёшларнинг ижодий ва интеллектуал қобилиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Шундан сўнг саҳнада Қуролли Кучлар академиясининг “Ўзбегим ёшлари”, Ички ишлар вазирлиги академиясининг “Ҳуқуқшунослар”, Миллий гвардия Ҳарбий-техник институтининг “Ўзбегим ўғлонлари”, Давлат хавфсизлик хизмати академиясининг “Ифтихор” ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясининг “Жасорат” жамоалари саф тортишди. Оркестр ижросида давлатимиз мадҳияси янгради.   

Беллашувнинг “Мен ўқиган китоб” деб номланган биринчи шартида уч нафардан иштирокчи ўз жамоаси шарафини ҳимоя қилди. Ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара 20 асари ўйналган мазкур шартда курсантлар китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини намоён этишди. “Блиц савол-жавоб” шартида ҳар бир жамоанинг беш нафардан иштирокчиси қатнашди. Билимдонлар буюк аждодларимиз Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Заҳириддин Бобурнинг ҳаёти ва саркардалик фаолиятига оид тарихий саволларга жавоб топишга ҳаракат қилишди. Кўрик-танловнинг сўнгги шартида ватанпарварликни тарғиб этувчи эркин мавзу танланди. Иштирокчилар юртга садоқат ва муҳаббат туйғуларини шеърий чиқишлари, Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар ҳамда қизиқарли саҳна кўриниши ёрдамида ёритиб беришди.

Қизғин руҳда ўтган кўрик-танлов якунида Ички ишлар вазирлиги академияси “Энг зукко жамоа” ҳамда “Ўзбекистон тарихи билимдони” номинацияларини қўлга киритди. Ҳарбий-техник институти “Энг китобхон жамоа”, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси “Энг яхши бадиий ҳаваскор жамоа”, Давлат хавфсизлик хизмати академияси “Энг ижодкор жамоа”, Қуролли Кучлар академияси “Энг шижоатли жамоа” бўлди. Шунингдек, ўзининг билим салоҳияти, фаол ташаббуслари, ижодий қобилияти ҳамда китобхонликка юксак қизиқишини намоён этган бир гуруҳ ёшлар рағбатлантирувчи диплом ҳамда эсдалик совғаларини қўлга китиришди.

– Бундай тадбирлар турдош олий таълим муассасалари ўртсидаги ҳамкорликни яна мустаҳкамлайди, – дейди Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти курсанти Баҳром Эгамбердиев. – Куни кеча муҳтарам Президентимиз “ўз фарзандларида юксак ватанпарварлик руҳини камол топтира олмаган давлат, қандай қудратли қуролга эга бўлмасин, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлай олмайди”, дея алоҳида таъкидладилар. Биз, ёшлар яратилган имкониятларни тўғри англаган ҳолда юртимиз равнақи, тинчлиги ва осойишталиги йўлида бир тану, бир жон бўлиб хизмат қилишимиз керак. 

Совриндонлар кўрик-танлов ташкилотчилари томонидан тантанали равишда тақдирланди. Бадиий ҳаваскорлик жамоалари ижрочиларининг чиқишлари тадбирга байрамона файз киритди.

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech