Ўз Ру En
×

“Сизларга ҳавасим келади...”

Ички ишлар вазирлиги академиясида Ўзбекистон халқ артисти, элимиз ардоғидаги санъаткор Ёдгор Саъдиев билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.

Истеъдод  – ноёб қобилият. Уни рўёбга чиқариш, мақсад сари йўналтириш инсондан машаққатли меҳнатни талаб қилади. Аммо орамизда шундай иқтидор соҳиблари ҳам борки, улар ижро этган ҳар бир роль томошабинлар қалбидан мангу жой олади.

Ёдгор Саъдиев театр ва кино соҳасида баракали ижод қилган ана шундай ижодкор. Театр саҳнасида турфа қаҳрамонларни гавдалантирган актёр кинода Абдусалом (“Дилбарим”), Шайх Жаъфар (“Енгилмас”), Жаҳонгир (“Сўнгги ўқ”), Жаббор (“Диёнат”), Ўринбой (“Ичкуёв”), Иброҳим (“Иблис девори”) сингари образларни маҳорат билан ижро этди. Юзлаб фильмларга овоз бериб, ўзбек дубляж санъатига муносиб ҳисса қўшди. Айниқса “Шайтанат” кўп қисмли видеофильми қаҳрамонимизга ҳам актёр, ҳам режиссёр сифатида катта шуҳрат келтирди, десак муболаға бўлмайди. 

Учрашувда актёр ўзининг серқирра фаолияти ҳақида сўзларкан, санъатдаги ютуқлари улкан меҳнат ва изланишлар эвазига қўлга киритилганини эътироф этди. Билим олиш, касб-ҳунар танлаш, имкониятлардан оқилона ва самарали фойдаланиб, келажак мақсадлар сари муносиб қадам ташлаш ҳақидаги ўгитларини ёшлар билан бўлишди.   

– Сизларга доим ҳавасим келади, – деди у. – Юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигини сақлашдек шарафли касбни танлагансиз. Мен бу соҳанинг қанчалик машаққатли эканини жуда яхши биламан. Чунки кўп йиллардан бери ички ишлар тизими ходимлари билан ижодий ҳамкорлик қилиб келаман.

Ёрқин хотиралар, қизиқарли савол-жавобларга бой ўтган кечада таниқли ижодкор дилкаш қўшиқлари билан барчанинг олқишига сазовор бўлди. Академияда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, айниқса маърифатпарвар шоир Абдулҳамид Чўлпон музейи меҳмонда катта таассурот қолдирди.

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech