Ўз Ру En
×

ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРИ МАҲАЛЛАНИНГ ҲУҚУҚ ТАРҒИБОТЧИСИ

Айни шу мавзудаги давра суҳбати Касбий тайёргарлик факультети томонидан Академия ўқув полигонида ташкил этилди. Республика Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда соҳа мутахассислари, маҳалла фаоллари, таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишида таҳсил олаётган тингловчилар иштирок этди.   

Тадбир аввалида Махсус фанлар цикли бошлиғи, подполковник Хайрулла Қиличев сўз олиб, жамият равнақи ва халқимиз фаровонлигини оширишда маҳалла институтининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани, сўнгги йилларда халқ билан мулоқотнинг самарали механизмларини жорий этиш, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, айниқса маҳалла институтининг жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолияти самарадорлигини кучайтириш, маҳаллани халқ билан давлат ўртасида ишончли “кўприк” бўлишини амалда таъминлаш борасида салмоқли ишлар қилинаётгани ҳақида тўхталиб ўтди. 

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида аҳоли осойишталигини таъминлаш, оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, нуронийларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари роли ва мавқеини янада мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Бунда аввало маҳаллаларда қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларида ички ишлар органлари, бошқа давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга эътибор қаратилди. Мазкур фармон билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тузилмасида фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари лавозими киритилди. Шунингдек, фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажариш профилактика катта инспектори ёки профилактика инспектори зиммасига юклатилди. Профилактика инспекторлари беш йил муддатга лавозимга тайинланиши, уларни мазкур муддат давомида бошқа лавозимга ўтказиш тақиқланиши назарда тутилди.

 

Давра суҳбатида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги вакиллари Исломиддин Холиқов, Шоира Умарова, Тошкент туманининг “Хиёбон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Адҳам Абдураҳмонов, Касбий тайёргарлик факультети катта ўқитувчиси, подполковник Тўлқин Ғозибеков ва бошқалар сўзга чиқиб, “Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан профилактика инспекторларининг ҳамкорлиги”, “Профилактика инспектори ҳалқ хизматчиси”, “Профилактика инспектори ҳалқ таянчи”, “Профилактика инспектори ёшлар етакчиси”, “Маҳаллада хизмат қилиш шарафли касб” мавзуларида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди. 

Шунингдек, маҳаллаларда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, аҳоли орасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини оқилона йўлга қўйиш, оила, хотин-қизлар ва кексалар билан ишлашнинг самарали механизмларини жорий қилиш, “маҳалладан халқ рози бўлиши керак” тамойили асосида ички ишлар органларини эл-юрт манфаатларига хизмат қилувчи халқчил тузилмага, маҳаллаларни эса хавфсиз ҳудудга айлаштириш масалалари юзасидан таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.

 

ИИВ Академияси ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech