Ўз Ру En
×

ОНА ТИЛИМИЗ БИЛИМДОНЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган “Ўзлигимиз тимсоли – она тилим” мавзуидаги онлайн иншолар танлови якунига етди.

Мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини ошириш, ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, буюк аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, ички ишлар органларида давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш  мақсадида ўтказилган танлов бир (республика) босқичда ташкил этилди. Танлов иштирокчиларининг ўзбек тилида, қўлёзма шаклида ёзилган иншолари жорий йилнинг 10 сентябридан 10 октябригача онлайн тарзда қабул қилинди. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ғолиблик икки гуруҳ кесимида, яъни вазирлик тасарруфидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернати ва академик лицейлари ўқувчилари ҳамда Академия курсант ва тингловчилари йўналишида аниқланди. 

Бугун Ички ишлар вазирлигида танлов ғолиб ва совриндорлари тантанали равишда тақдирланди. Унга кўра ИИВ Академиясидан биринчи ўрин 3-босқич курсанти Равшанбек Абдуллаевга насиб қилган бўлса, қолган ўринларни 2-босқич курсанти Яйра Жўраева ҳамда 3-босқич курсанти Мақсадбек Ўсарбоев қўлга киритди. Шунингдек ихтисослаштирилган мактаб-интернати ва академик лицейлар ўқувчилари орасида ИИВ Қашқадарё академик лицейи  ўқувчиси Моҳинур Худойназаров (3-босқич), ИИВ Қорақалпоғистон академик лицейи ўқувчиси Сарвиноз Жуманиёзова (3-босқич) ҳамда ИИВ ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси Шоҳруз Ҳамидуллаев (9-синф) совриндор бўлишди.

Шу куни тадбирда “Энг яхши ижодий ёндашгани учун”, “Энг яхши тил тарғиботчиси”, “Энг яхши таҳлилий фикрлагани учун”, “Энг яхши саводхон”, “Энг яхши ҳуснихат соҳиби”, “Энг ёш иқтидорли иштирокчи” номинациялари бўйича ҳам бир гуруҳ иқтидорли ёшлар тақдирланди. Ғолиб ва совриндорларга бир марталик пул мукофотлари ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech