Ўз Ру En
×

ОНА ТИЛИМ, МАНГУ БЎЛ ОМОН

Ўзбек тили байрами куни муносабати билан пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда Ички ишлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари ва курсантлари ҳам кўтаринки руҳда иштирок этишди.

Байрам тадбирида сўзга чиққанлар миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш, аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш, ўзбек тилининг мавқеи ва нуфузини юксалтириш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар ҳақида тўхталиб ўтишди. 

– Бундан ўттиз бир йил муқаддам айни шу кун Ўзбекистонда тил ҳақидаги қонун қабул қилинган эди. Муҳтарам Президентимизнинг ташаббус ва ғоялари билан энди 21 октябрни Ўзбек тили байрами куни сифатида кенг нишонлаяпмиз. Бу ҳам она тилимизнинг маънавий ҳаётимизда нечоғлик мустаҳкам ўрин олганидан ёрқин далолат беради. Ўзбек тилининг обрў-эътиборини бундан-да юксалтириш шу заминда яшаётган ҳар бир юртдошимиз, айниқса ёшларнинг маънавий бурчи бўлмоғи керак, – деди Академия саф қисми бошлиғининг ўринбосари, подполковник Тоҳир Азимов.

Шу куни курсант ёшлар сўз олиб, ўзбек тилининг алоҳида санада байрамона нишонланаётгани миллий давлатчилигимиз тарихида муҳим аҳамият касб этиши, тилга муҳаббат она Ватанга муҳаббатнинг тимсоли эканлигини фахр билан таъкидлаб ўтишди.

– Ўзбек тили байрамининг ушбу гўзал масканда ўтказилаётганида ўзига хос рамзий маъно бор. Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Огаҳий, Авлоний, Чўлпон сингари буюк боболаримиз она тилимизда ижод қилганликлари билан ҳамиша фахрланганлар. Ўз асарларида унинг жозибаси ва нафосатини юксак маҳорат билан қаламга олганлар. Қувонарлиси, бугун хорижий мамлакатларда ҳам ўзбек тилини ўрганишга эътибор кучайиб бораётгани унинг довруғи ва нуфузи жаҳон мамлакатлари узра баралла янграётганидан нишонадир, – дейди 3-босқич курсанти Наргиза Хатамова.  

Байрам тадбирида миллий мақомларимиз янгради, Навоий ва Чўлпон ғазалларидан ёд айтилди. Адибларимиз ҳайкали пойига анвойи гуллар қўйилиб, уларга чуқур эҳтиром кўрсатилди.  

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech