Ўз Ру En
×

НУТҚ МАДАНИЯТИ ТАЪЛИМНИНГ АСОСИЙ МЕЗОНИ

Мутахассисларнинг айтишича, нутқ маданияти инсоннинг ижодий ва мустақил фикрлаш, ўз фикрини оғзаки ҳамда ёзма шаклда равон баён этиш кўникмаларини шакллантиради. Айниқса педагогик фаолият билан шуғулланувчи касб соҳибларининг нотиқлик маҳорати юқори бўлиши керак. Ўқитувчининг жарангдор овози, ўзига жалб эта олиш қобилияти, мавзуларни аниқ ва ифодали тушунтириши машғулот самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Академия профессор-ўқитувчилари учун ташкил этилган мастер-класс машғулоти “Ўқитувчининг нутқ маданияти ва нотиқлик санъати” мавзуига бағишланди. Машғулотни филология фанлари номзоди, маҳоратли нотиқ ва журналист Раҳимбой Жуманиёзов олиб борди.

Инсоният қадим замонлардан сўз ва нутқдан фойдаланиб келади. Жамият тараққий этгани сайин, нутқ маданияти ва нотиқлик санъати ҳам ривожланиб борган. Тарихда ўчмас из қолдирган буюк аждодларимиз сўз маҳоратини юксак даражада олиб чиққанларини яхши биламиз. Ҳозирги глобаллашув даврида нотиқлик санъати янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Таълим жараёнига татбиқ этилаётган инновацион ёндашувлар ўқитувчининг нутқ маданиятини юксалтиришни тақозо қилмоқда. Мастер класс давомида нутқ маҳоратини ривожлантиришнинг ўзига хос аҳамияти, педагогик мулоқот турлари, замонавий таълимнинг соҳа ходимлари олдига қўяётган талаблари, нутқ маданиятини ошириш усуллари батафсил тушунтириб ўтилди. 

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

 

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech