Ўз Ру En
×

НАЗМ ВА НАВО КЕЧАСИ

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги “Алишер Навоий” номли маҳаллада назм ва наво кечаси бўлиб ўтди.

Мутафаккир шоир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган тадбир аввалида Ички ишлар вазирлиги академияси доценти Абдуваҳоб Холиқов миллат маънавиятини юксалтириш, ёшларни баркамол авлодлар этиб тарбиялашда адабиётнинг аҳамияти ҳақида тўхталди. Навоий меросини чуқур ўрганишга улкан эътибор қаратилаётгани, бироқ бу улуғ зотнинг ҳаёти ва ижод йўлини ёшларимиз чуқурроқ билишлари лозимлиги алоҳида таъкидланди.  

– Ҳазрат Навоий ўзбек шеъриятини юксак поғонага кўтарган даҳо шоир, – деди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳодир Назаров. – У бутун умрини ижодга бағишлади, хайрли ишларга ҳомийлик қилди. Мактаб ва мадрасалар барпо этишга бош-қош бўлди. Улуғ аждодимизнинг ибратга тўла ҳаёти жамиятда маънавий-маърифий ишларни тўғри йўлга қўйиш, ёшларни ҳаётга тайёрлаш, инсоний фазилатларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирнинг бадиий қисмида таниқли мақом усталари Навоий ғазалларидан мумтоз қўшиқлар ижро этишди. Академия курсантлари томонидан қизиқарли саҳна кўринишлари намойиш этилиб, шоир мисраларидан парчалар айтилди. Назм ва наво кечаси маҳалла аҳли, айниқса ёши улуғ нуронийларга бирдай манзур бўлди. 

 

ИИВ Академияси ахборот хизмати 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech