Ўз Ру En
×

НАЗАРИЯ ВА АМАЛИЁТ БИР-БИРИГА ҚАНЧАЛИК ЯҚИН? СТАТИСТИКА НИМА ДЕЙДИ?

Маъруза машғулотларининг интерфаол усулларда ташкил этилаётгани айни шу саволларга жавоб топиш баробарида, тингловчи-курсантларнинг касбий кўникмаларини янада бойитмоқда.

Жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш кафедраси ўқув режасига биноан ташкил этилган машғулотда Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник Акбар Юнусходжаев миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари фаолиятининг асосий йўналишлари, вазифа ва функциялари ҳақида маъруза қилди. Мавзунинг статистика маълумотлари асосида чуқур таҳлил қилингани, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматининг ташкилий-ҳуқуқий фаолиятини такомиллаштириш ҳамда амалиётда учраётган муаммоларнинг ечимлари борасидаги фикрлар машғулот аҳамиятини янада оширди.

Жиноятчиликка қарши самарали курашиш соҳага оид қонунчиликни чуқур ўрганишни тақозо этади. Тезкор-қидирув ҳуқуқи кафедраси томонидан ўтказилган машғулот айни шу мақсадда ташкил этилиб, унда Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси жиноят қидирув бўлими ходимлари иштирок этди. “Ҳаракатдан тўхтатилган жиноят ишлари бўйича ўтказиладиган тезкор-қидирув тадбирлари” мавзуидаги машғулот зарур тавсияларга бой ўтганини айтиш жоиз.

Сайлов ва референдумларни ташкил этиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик масалалари Маъмурий ҳуқуқ кафедраси ўтказган тадбирнинг асосий мавзуси бўлди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Хуршид Дўстмуҳамедов сўзга чиққан машғулотда соҳага оид қонунчилик, сайлов ва референдумларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар, бу борада ваколатли органларнинг жавобгарлиги батафсил шарҳланди. Иштирокчилар мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган маърузада фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши содир этиладиган жиноятлар бўйича жиноят-ҳуқуқий нормалар таҳлил қилинди. Жиноят ва жиноят-ижроия ҳуқуқи кафедраси томонидан ўтказилган машғулот давомида курсантлар бу турдаги жиноятларга ҳуқуқий баҳо бериш, махсус нормаларни қўллаш ҳамда амалиётда юзага келиши мумкин бўлган айрим вазиятларда тегишли тартибда иш кўриш кўникмаларига эга бўлдилар.

Бундан уч йил аввал таълим муассасасида “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фаолияти” мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган эди. Жорий ўқув йилида ушбу йўналишда билим олаётган курсантлар ўқишни тамомлаб, хизмат фаолиятига йўл олишади. Уларнинг соҳадаги изчил ислоҳотлардан мукаммал хабардор бўлишлари эса муҳимдир. Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси вакиллари билан ўтказилаётган машғулотлар бўлажак мутахассисларнинг касбий кўникмаларини юксалтиришга ҳисса қўшмоқда.

Шунингдек, Раҳбар кадрларни тайёрлаш факультетида ҳам “Ўзбекистонда давлат бошқаруви органлари учун малакали раҳбар кадрларни тайёрлашга қўйилаётган замонавий талаблар. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув Академиясида бошқарув кадрларини тайёрлаш тизими» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Иқтисод фанлари доктори, доцент Алимқул Исломқулов сўзга чиққан маърузада раҳбар фаолиятининг ахлоқий тамойиллари, замонавий раҳбарга қўйилаётган талаблар, шунингдек ижро ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш, иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсирларни қисқартириш ва бозор механизмларидан кенг фойдаланиш, давлат хизматлари институтини ислоҳ қилиш, коррупцияга қарши таъсирчан кураш механизмларини жорий этиш ҳамда бошқа масалалар атрофлича гапириб ўтилди.

                                                

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech