Ўз Ру En
×

Мустаҳкам оила – миллат ва жамият равнақи демак

Ҳар бир мамлакатнинг келажаги оилалар фаровонлиги ва мустаҳкамлигига боғлиқ. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 15 майнинг бутун дунёда Халқаро оила куни деб белгилаб қўйилгани ушбу институтнинг нечоғли муҳим аҳамият касб этишидан далолат беради.

Асосий қонунимизнинг учинчи бўлим, XIV боби “Оила” деб номланади. Қомусимизнинг 63-моддасида: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”, дейилади. Шунингдек, Оила кодексида никоҳ тузиш ёки никоҳнинг тугатилиши, мулкий, болаларнинг насл-насабини белгилаш, алимент мажбуриятлари, туғилишни, никоҳ тузилганлиги, ўлимни қайд этиш, фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш каби муносабатлар тартибга солинган.

Миллий қадриятларимизга кўра, оила қанчалик мустаҳкам бўлса, давлат ҳам шунчалик мустаҳкам ва қудратли бўлади. Миллий қонунчилигимизда фуқароларнинг никоҳ қуриш тартиби жуда содда тарзда белгиланган. Биринчидан, никоҳ қуриш муддати қисқа, уни бекор қилиш, яъни ажралиш эса қонун нормаларида узоқроқ муддатни талаб қилади. Оила кодексининг 13-моддасига асосан, никоҳланувчилар ФҲДЁ органларига ариза берган кундан бошлаб ҳеч қандай расмиятчиликсиз бир ой ўтгач, никоҳларини қайд этишлари мумкинлиги ва ФҲДЁ органи ҳам уни қайд этиши зарурлиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, айрим ҳолларда бу муддат янада қисқартирилиши (масалан, яқин қариндошларнинг оғир бетоб бўлган ҳолларда ариза билан мурожаат қилинади), бунда никоҳ бир ой ичида ёки ариза берилган куни ҳам қайд этилиши мумкин. Никоҳдан ажралиш эса судга даъво аризаси киритиш орқали ҳал бўлади ва суд никоҳни сақлаб қолиш яни эр-хотиннинг ярашиши учун ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб олти ойгача бўлган муддат белгилашга хақли эканлиги қонунда назарда тутилган (ОК 40-м). Суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриши учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда фуқаролар йиғинининг яраштириш камиссиясига хабар юборади. Яъни оилани сақлаб қолишнинг барча чораларини кўриш зарурлиги қонунчиликда ўз ифодасини топган.

Агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшаши ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади. Аммо суднинг ҳал қилув қарори никоҳни бекор қилмайди. Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органида никоҳдан ажратилганлик рўйхатга олинган пайтдан бошлаб тугатилган ҳисобланади (ОКнинг 47-моддаси). Бу орқали қонун эр-хотиннинг ярашиши ва оилани сақлаб қолишига имкон беради. Мабодо, эр ва хотиннинг ҳар иккиси ҳам  суднинг никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини ФҲДЁга тақдим қилмаса, уларнинг никоҳи тугатилмаган ҳисобланади. Бундай вазиятда эр-хотиннинг никоҳни тиклаб, бирга яшашига суднинг ҳал қилув қарори ҳам тўсқинлик қилмайди.

Шуни айтиш жоизки, ҳар йили мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш учун давлат бюджетидан пул маблағлари ажратилади. Фарзанд туғилганда бериладиган суюнчи пули, аёлнинг ҳомиладорлик ва туғиш таътили кабилар ҳам оилаларни ижтимоий-иқтисодий муҳофаза қилишга қаратилган қонунларда белгиланган чоралардир. Мухтасар қилиб айтганда, жаҳоннинг саноқли давлатларида оилани мустаҳкамлаш ва ажралишларнинг олдини олишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилади. Мамлакатимизда эса оилани ҳар томонлама асраш-авайлаш юксак қадрият даражасига кўтарилган.

 

Нуриддин Қўлдошев,

Фуқаролик ҳуқуқи фанлари кафедраси бошлиғи,

подполковник.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech