Ўз Ру En
×

МИЛЛИЙ ЎЗЛИГИМИЗНИНГ БОҚИЙ ТИМСОЛИ

Шу кунларда юртимиз бўйлаб Ўзбек тили байрамига бағишланган тадбирлар ўтказиляпти. “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида ташкил этилган адабий кечада тилшунос олимлар, таниқли адиблар, Ички ишлар вазирлиги академияси ўқитувчилари ва курсантлар иштирок этди.

Дунёда етти мингдан зиёд тил бўлса, улардан атиги 2 юзга яқини расмий ёки давлат тили мақомига эга. Улар орасида она тилимиз – ўзбек тили ҳам бор. Миллат руҳи, миллий ўзлигимизнинг боқий тимсоли саналган ўзбек тили бой тарихга эга. Неча асрларки, у буюк аждодларимизнинг илму маърифатини жаҳон узра намоён этиш, бой маънавий меросимизни авлоддан-авлодга етказишда мустаҳкам кўприк вазифасини ўтаб келмоқда. Ўтмишда она тилимиздан жудо қилишга, уни камситишга бўлган ҳаракатлар ҳам бўлди, бироқ маънавий ғуруримиз тимсоли сифатида тилимиз ўз қудрати ва жозибасини йўқотмади.

Мустақилликка эришгандан сўнг миллий қадриятларимизни тиклаш, аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш баробарида, ўзбек тилининг мақомини мустаҳкамлаш, жамият ҳаётидаги мавқеи ва нуфузини юксалтиришга ҳам юксак эътибор қаритилди. Давлат тилимиз жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ва муқим ўрин эгаллади. Бугун жаҳонда эллик миллионга яқин кишининг она тилимизда эркин сўзлаша олиши ҳам эътирофга лойиқ. Айниқса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг илк бор ўзбек тилида нутқ сўзлагани она тилимиздан фахр ва ифтихор ҳиссини туядиган ҳар бир инсонга чексиз ғурур бағишлади.

Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида ўтказилган тадбир ҳам она тилимизни улуғлаш, унинг бой хазинасини ёш авлодга етказишга хизмат қилди, десак муболаға бўлмайди.

–  Хиёбондан адабиётимизнинг етук намояндалари, жонкуяр адибларимизнинг ҳайкаллари ўрин олган, – деди адабиётшунос Раҳимбой Жуманиёзов. –  Аслида бу ёдгорликлар ўзбек тилига қўйилган юксак эҳтиром намунасидир. Чунки буюк ватандошларимиз ўзбек тилининг соф жозибаси ва қудрати ила ижод қилишган, шу тилда яратилган асарлари билан дунёга танилган. Бугун адибларимизнинг ёрқин хотирасини тиклаш, ибратли ҳаёти ва ижодини ўрганиш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар замирида ҳам она тилимизнинг қадр-қимматини юксалтиришдек буюк ғоя мужассам.

Тадбирда ўзбек тилининг таровати ва нафосатини тараннум этиш, обрў-эътибори ва нуфузини янада юксалтириш юртимизда камол топаётган ҳар бир ўғил-қизнинг инсоний бурчи эканлиги алоҳида таъкидланди. Ёшларга ўз она тилимизни мукаммал билган ҳолда хориж тилларини ҳам пухта ўрганиш, замонга мос етук билим ва салоҳиятга эга кадрлар бўлиб вояга етиш юзасидан тавсиялар берилди. Академия курсантлари томонидан она тилимизни мадҳ этувчи шеър ва достонлар, куй-қўшиқлар ижро этилди.

Тадбир сўнггида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари, Мирзо Улуғбек туманининг Алишер Навоий маҳалласи фаоллари ва курсант ёшлар хиёбонда амалга оширилган улкан янгиланишлар ҳамда Тошкент тарихи музейини томоша қилишди.    

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech