Ўз Ру En
×

МИЛЛИЙ ҒУРУРИМИЗ ТИМСОЛИ

Бугун юртимизда Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи қабул қилинган кун шодиёнаси кенг нишонланяпти. Сана муносабати билан Ички ишлар вазирлиги академиясида ҳам тадбир бўлиб ўтди. Оркестр садолари остида саф майдонига давлат байроғимиз олиб кирилди.

 Бундан йигирма тўққиз йил олдин, яъни 1991 йил 18 ноябрь куни Олий Кенгашнинг навбатдан ташқари еттинчи сессиясида Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тасдиқланган эди. Том маънода, бу ўз мустақиллиги ва тараққиёт йўлини танлаган мамлакатнинг жаҳон ҳамжамиятидан муносиб жой олгани нишонаси эди. Миллий мустақиллигимиз рамзи саналган байроғимиз бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош қароргоҳи ва жаҳоннинг нуфузли халқаро ташкилотлари олдида ҳилпираб турибди. 

Давлат байроғи ҳар бир мустақил мамлакатнинг дунёдаги ўрнини англатади. Бошқача айтганда, байроқни она Ватаннинг юзи, десак тўғри бўлади. Ўзбекистон делегацияси хорижга чиққанда ёхуд турли расмий тадбирлар, анжуманлар, спорт мусобақаларида у юртимиз тимсоли бўлади. Давлат байроғи мамлакат сувиренитети, ғурури ва шаънини ифода этади.

– Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи халқимизнинг минг асрлик тарихи, миллий қадрият ва анъаналари, эзгу орзу-истакларини ўзида мужассам этган. Муҳтарам Президентимиз раҳнамоликлари билан Янги Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган мислсиз ислоҳотлар, яратувчанлик ва бунёдкорлик ҳаракатлари барчамизни буюк мақсадлар сари руҳлантириб келмоқда. Миллий байроғимизнинг мусаффо осмонимиз, тинч-осуда заминимизда барқарор ҳилпираётгани юртимизнинг жаҳонга юз тутиб, жадал тараққий топиб бораётганидан дарак беради, – деди Академия бошлиғининг ўринбосари, полковник Алишер Абдуллаев.

Дарҳақиқат, кишининг ўз она Ватанини қай даражада севиши, юртга дахлдорлик билан яшаши миллий размларга бўлган муносабати билан ўлчанади. Ёшларимизни юксак ватанпарвар, буюк аждодларимизга муносиб ворис этиб тарбиялашда давлат байроғимизнинг алоҳида ўрни бор. У миллий ғурур ва ифтихор рамзи саналиб, эзгу мақсадларимизни амалга оширишда бизга ҳамиша шижоат, ишонч ва музаффарлик ҳисси бағишлаб туради. Муқаддас байроғимизни улуғлаш орқали Ватанни севиш, унинг ҳар қаричи учун жонимизни фидо қилишга қодирлигимизни билдирамиз.

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech