Ўз Ру En
×

Меҳр-оқибат ва ғамхўрликни унутишга ҳаққимиз йўқ...

Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихида миллионлаб одамларга кулфат келтирган воқеа сифатида муҳрланди. Орадан шунча вақт ўтса ҳамки, бешафқат уруш асоратлари ҳамон қалбларни ларзага келтиради. Жангу жадалларда ўзбекистонлик ватандошларимиз юксак мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшдилар. Айниқса бағрикенг халқимизнинг фронтортидаги қаҳрамонона хизматларини асло унутиб бўлмайди.

Бу йил ана шу шонли санага 75 йил тўлди. Шу муносабат билан Президентимизнинг Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб, Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш тўғрисидаги фармони қабул қилинган эди.

Бугун эрта тонгдан уруш ва меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, уларга юксак эъзоз ва эҳтиром кўрсатилди. Ички ишлар вазирлиги Академияси раҳбарияти пойтахтимизнинг Чилонзор туманида истиқомат қилаётган Иван Митякин хонадонида бўлиб, унга давлатимиз раҳбарининг байрам муносабати билан йўллаган табриги, эсдалик статуэткаси, 10 миллион сўмлик пул мукофоти ҳамда бошқа қимматбаҳо совғаларни тантанали равишда топширдилар.

– Уруш менинг тақдиримни бутунлай ўзгартириб юборди, – дейди бир юз бир ёшли қаҳрамонимиз, истеъфодаги подполковник Иван Митякин. – Суронли йилларда кўрган азобу уқубатларимни эсласам, бугунги тинчлик ва осойишталигимизга минг шукурлар қиламан. Мен кўп бора айтганман, умримнинг ярмидан кўпи шу заминда ўтди ва Ўзбекистон менинг жонажон Ватаним бўлиб қолди. Серқуёш юртимизда кексаларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга миннатдорлик билдираман.     

Шу куни уруш ва меҳнат фахрийси Россия Федерацияси Президентининг қарори билан таъсис этилган “1941–1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабага 75 йил” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги” эсдалик юбилей медалларини ҳам қабул қилиб олди.

Иккинчи жаҳон уруши туфайли ўз яқинларини йўқотганлар орасида Лидия Юдина ҳам бор. Тақдирнинг синови билан юртимизга келган қаҳрамонимиз урушдан сўнг билим даргоҳида таҳсил олди. Кейин кўп йиллар Тошкент олий милиция мактабида ёшларга сабоқ берди. 95 ёшли Лидия Юдина бугун шукроналик ҳисси билан нафақалик гаштини сурмоқда. У халқимиздан кўрган меҳр-оқибатни асло унута олмаслигини кўзида ёш билан эътироф этди.     

– Ёшлигимни ҳам қайғу, ҳам қувонч билан эслайман, – дейди у. – Уруш балоси ота-онамдан, ватанимдан жудо қилди. Минглаб бош-панасиз, етим қолганлар Ўзбекистонга жўнатилди. Бу ерда бизни бегона дейишмади. Турмуш оғир бўлишига қарамай, бир бурда нонни биргаликда баҳам кўрдик. Ўзбек халқининг бу жасорати ва матонатини унутишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.

Байрам муносабати билан Лидия Юдинага Президентимизнинг байрам тилаклари ўқиб эшиттирилди. Уруш ва меҳнат фахрийси қадрдон шогирдлари даврасида давлатимизнинг пул мукофотлари, байрам муносабати билан таъсис этилган медаллар ҳамда қимматбаҳо совғаларни мамнуният билан қабул қилиб олди.  

Тадбир баҳонасида Иккинчи жаҳон уруши йиллари фашизм устидан қозонилган ғалабага ҳисса қўшган аждодларимиз хотирланиб, уларнинг жасорати келгуси авлодлар учун ғурур-ифтихор рамзи эканлиги айтиб ўтилди.

 

Жамшид ХОЛОВ,

катта лейтенант.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech