Ўз Ру En
×

МАҚСАД – НАЗАРИЯ ВА АМАЛИЁТ УЙҒУНЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

Академия таълим жараёнига татбиқ этилаётган илғор ёндашувлар соҳа учун малакали кадрлар тайёрлашнинг муҳим омили бўлмоқда. Айниқса назарий машғулотларнинг ички ишлар органларида етук тажрибага эга амалиёт ходимлари томонидан олиб борилаётгани ижобий самараларини кўрсатмоқда.

 Куни кеча таълим муассасасининг 2-босқичи курсантлари учун Профилактика инспекторининг паспорт-виза қоидаларига риоя этилишини таъминлаш фаолияти” мавзуидан ана шундай маъруза машғулоти ташкил этилди. Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси мутасаддилари иштирок этган маърузада соҳанинг ҳуқуқий асослари, сўнгги йилларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва истиқболдаги вазифалар хусусида тўхталиб ўтилди. Маълумки, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида 2021 йил 1 январдан шахсни идентификациялашнинг ягона механизми жорий этилади. Унга кўра биометрик паспортлар босқичма-босқич элекрон ахборот ташувчи (чип) бўлган карталарга алмаштирилади. Бу эса республикамиз фуқароларига давлат хизматларидан ҳам фойдаланиш имкониятини беради.

Маъруза давомида ID-карталарнинг вазифаси ва афзалликлари, амалиётда уни қўллаш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати ходимларининг ҳудудий профилактика инспекторлари ҳамкорлигини самарали ташкил этиш, тизимда ечимини кутаётган айрим муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Таъкидлаш жоизки, курсантларнинг касбий кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилаётган бу каби маъруза машғулотлари ўқув режасига биноан, Дастлабки тергов ва криминалистика,  Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, Тезкор-қидирув фаолияти кафедралари томонидан ҳам мунтазам равишда ташкил этилмоқда.

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech