Ўз Ру En
×

МАРКАЗ БОЛАЛАРИ БИЛАН ПСИХОЛОГИК МАШҚЛАР ЎТКАЗИЛДИ

Академиянинг “хизмат фаолиятини психологик таъминлаш фаолияти” йўналишида таълим олаётган курсантлар келгуси йили ўқув даргоҳини тамомлашади. Ўз касбининг моҳир мутахассиси бўлиши учун улар назарий билимлар билан бирга, амалий кўникмаларни ҳам пухта ўзлаштиришяпти.

Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасига қарашли Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида ўтказилган амалий машғулот айни шу мақсадда ташкил этилди. Унда курсантлар марказ фаолияти билан яқиндан танишиб, турли ёш тоифасидаги вояга етмаганларнинг руҳий ҳолатини ўргандилар.

Айтиш керакки, ушбу марказ вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий кўмаклашиш мақсадида кенг қамровли фаолиятни амалга оширади. Замонавий шарт-шароитларга эга масканда болалар учун иссиқ овқат, кийим-кечак таъминоти йўлга қўйилган бўлиб, улар билан ижтимоий-психологик, маънавий-тарбиявий ҳамда спорт-соғломлаштириш тадбирлари олиб борилади.

– Инсон руҳиятини ўрганиш жуда қизиқарли жараён, – дейди Академиянинг 3-босқич курсанти Назокат Мирвосидова. – Психология фанининг назарий асосларини амалий фаолиятда қўллаш орқали янада мустаҳкамлаяпмиз. Галдаги машғулотда марказ болалари билан суҳбат қуриб, руҳий барқарорликни таъминловчи психокоррекцион машқлар ўтказдик. Уларнинг ички дунёси, руҳияти, бу ҳолатга тушиш сабаблари, ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этишга мойиллиги ва бошқа омилларни аниқлаб, зарур тавсияларни бердик.

Ички ишлар органи ходимлари, айниқса психолог мутахассислар  касбий фаолиятда турли тоифадаги фуқаролар билан шахслараро муносабатга киришадилар. Замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга етук кадрларни тайёрлашда бу каби амалий машғулотлар ўз самарасини бериши, шубҳасиз.

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

 

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech