Ўз Ру En
×

МАРДЛАР МАЙДОНДА СИНАЛАДИ

Бугундан ҳарбий олий таълим муассасалари

курсантлари ўртасида футбол турнири бошланди    

Ички ишлар вазирлиги академияси мезбонлик қилаётган мусобақада Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Қуролли Кучлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиялари, шунингдек Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти жамоалари ўзаро куч синашади.

Мусобақанинг очилиш маросимига бағишлаб Академия саф майдонида ўтказилган тантанали тадбирда таълим муассасалари мутасаддилари, тизим ходимлари, турнир иштирокчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Академия бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқубузарликларга қарши самарали курашишга хизмат қилаётганини таъкидлаб ўтди. – Тизим учун профессионал кадрлар тайёрлаш олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро тажрибалар ашмашинуви, ўқув жараёнига замонавий педагогик ёндашувларни самарали татбиқ этиш, айниқса ёшларни юксак ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга садоқат, буюк аждодларимизга муносиб ворислик руҳида тарбиялашни тақозо этмоқда, – деди Б. Матлюбов. – Президентимизнинг беш муҳим ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётган мазкур спорт мусобақаси ҳам жисмоний тарбия ва спортни янада оммаллаштиришда, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтиришда муҳим омил бўлади.

Шундан сўнг жамоалар ўртасида қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Турнир низомига кўра, футбол учрашувлари 10–14 ноябрь кунлари бўлиб ўтиб, унда жами бешта жамоа ғолиблик учун куч синашади. Турнир ғолиблиги ўзаро ўйинларда энг кўп очко жамғарган жамоага насиб қилади. Очколар миқдори тенг келган вазиятда ўзаро ўйинлари натижаси, тўплар нисбати, футболчилар томонидан олинган огоҳлантиришлар инобатга олинишини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Мусобоқа якунида фахрли ўринлар билан бирга, “Энг яхши ҳужумчи”, “Энг яхши ҳимоячи”, “Энг яхши дарвозабон” номинацияларини қўлга киритган футболчилар ҳам тантанали тақдирланади.

Қуръага биноан илк ўйин Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти курсантлари ҳамда мезбон жамоа ўртасида бўлиб ўтди. Тенг курашлар остида бошланган учрашув давомида ишқибозлар кўплаб ҳаяжонли вазиятлар гувоҳи бўлишди. Курсантларимиз жамоавий ўйин орқали  кетма-кет ҳужумлар уюштирган бўлса, рақибларимизда бироз омад етишмади. Натижада, биринчи бўлим 3-0 ҳисобида футболчиларимиз фойдасига ҳал бўлди. Иккинчи бўлим аввалида ҳар иккала жамоа мураббийи бир қатор тактик ўзгаришларга қўл урди. Ҳарбий-техник институт курсантлари ҳисобни қисқартириш орқали вазиятни тенглаштиришга, вакилларимиз эса тўплар нисбатини янада яхшилашга ҳаракат қилишди. Аммо маҳорат бобида тенгқурларидан устунлик қилган футболчиларимиз яна уч тўп киритиб, ҳисобни йирик (6:0) кўринишга олиб келишди. Шу тариқа илк бор ташкил эитлган турнир Ички ишлар вазирлиги академияси жамоасининг ишончли ғалабаси бошланди.

Мусобақанинг иккинчи ўйинида Қуролли Кучлар академияси футболчилари Давлат хавфсизлик хизмати академияси курсантларини 4:2 ҳисобида таслим этиб, жамоа ҳисобига дастлабки ғалабани ёзиб қўйишди.     

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати академияси, Қуролли Кучлар академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ва Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти  томонидан 2020-2021-ўқув йилига мўлжалланган Ҳамкорлик режаси тасдиқланган. Унга кўра мазкур олий таълим муассасалари ходимлари ва курсантлари ўртасида спортнинг футбол, волейбол, қўл жанги, бешкураш, стол тенниси турларидан беллашувлар ташкил этиш, “Мардлар беллашуви”, “Энг яхши китобхон”, “Конституция билимдони” каби кўрик-танловлар, “Аждодлар жасорати – ибрат мактаби” мавзуида давра суҳбати ҳамда бошқа маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш режалаштирилган.

Жамшид ХОЛОВ,

ИИВ Академияси матбуот хизмати ходими.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech