Ўз Ру En
×

МАНГУЛИККА МУҲРЛАНГАН МАСКАН

Таниқли франциялик олим Люсьен Керен Амир Темур шахсига баҳо бериб, уни Европа андозасидаги буюк давлат арбоби, музаффар саркарда, моҳир дипломат ва илм-фан ҳомийси, дея таърифлаган экан. 

Жаҳон шарқшунослари томонидан улуғ аждодимиз шахсиятига нисбатан билдирилган бундай эътирофлар жуда бисёр. Мустақилликка эришганидан сўнг юртимизда ҳам Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига холисона, адолатли баҳо бериш имкони пайдо бўлди. Тарихимиз аслича тикланиб, жаҳонда беназир ўрин қолдирган ватандошларимиз хотирасига чуқур ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди. 

Темурийлар даври тарихи музейининг ташкил этилганини ана шу хайрли йўлдаги эзгу ишларнинг амалий ифодаси, дейиш мумкин. Чунончи, халқимизнинг бой тарихи, маданияти ва бунёдкорлик салоҳиятидан дарак берувчи ушбу масканни нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик меҳмонлар ҳам катта қизиқиш билан томоша қилади. 

Бугун, соҳибқирон таваллуд топган санада Ички ишлар вазирлиги академияси вакиллари ушбу маскан фаолияти билан яна бир бор яқиндан танишдилар. Музей фондидан ўрин олган осори-атиқалар, тарихий экспонатлар, Амир Темур ва темурийлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи манбалар, турли санъат намуналари тинчлик ва осойишталик посбонлари учун бой маънавий таассурот уйғотди. Тадбир давомида буюк аждодимизнинг фазилатлари, ҳаётий эътиқодлари, Ватани ва халқининг озодлиги ҳамда равнақи йўлида амалга оширган улкан жасорати батафсил ҳикоя қилинди. 

 

ИИВ Академиясининг Ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech