Ўз Ру En
×

КУРСАНТЛАР ЭНДИ СУД ЖАРАЁНИ ИШТИРОКЧИЛАРИ

Ички ишлар вазирлиги Акдемиясида тингловчи ва курсантларнинг назарий билимларини амалий кўникмалар орқали мустаҳкамлаш таълимнинг муҳим жиҳатларидан бири саналади. Бўлажак соҳа вакилларининг очиқ суд жараёнларида иштирок этаётгани бевосита ушбу мақсадга хизмат қилмоқда. 

Айтиш керакки, ҳозирга қадар таълим муассасасининг “Тергов фаолияти” мутахассислиги бўйича билим олаётган курсантлар ўнга яқин  сайёр суд мажлисларида иштирок этишди. Галдаги суд жараёни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Бектемир туман суди биносида бўлиб ўтиб, унда Жиноят кодексининг 273-моддаси иккинчи қисми билан содир этилган жиноий қилмиш кўриб чиқилди.  

Жиноят-процессуал ҳуқуқ кафедраси профессори вазифасини бажарувчи, подполковник Бахтиёржон Муродовнинг таъкидлашича, суд-тергов амалиётида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Ўқув машғулотлари давомида курсантларимиз соҳанинг назарий асосларини пухта эгаллашмоқда. Ўтказилаётган суд жараёнларида суриштирув ва дастлабки тергов босқичларида тергов қилиниб, айблов хулосаси билан судга юборилган жиноят ишларининг қай тартибда муҳокама қилиниши, жиноятчиларнинг содир этган қилмишига қонун талабларидан келиб чиқиб ҳуқуқий баҳо бериш амалиётини ўрганишяпти. 

Суд мажлиси давомида курсантлар жиноят ишини кўриб чиқишда қонунийликни таъминлаш, жиноят-процессуал қонун нормаларига амал қилиш, ҳар бир хатти-ҳаракат замирида, аввало, инсон ва унинг тақдири турганини ҳис қилиш лозимлиги бўйича зарур тавсияларни олдилар. Шунингдек, судланувчининг қилмишини ҳуқуқий жиҳатдан баҳолаш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech