Ўз Ру En
×

КУРСАНТЛАР ҒАЛАБА БОҒИНИ ТОМОША ҚИЛИШДИ

Пойтахтимиздаги Ғалаба боғи халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушида ғалабага қўшган улкан ҳиссаси ва жасоратидан сўзловчи қадамжолардан бири саналади. Давлатимиз раҳбари бу ҳақда тўхталиб, ушбу маскан ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдек олижаноб мақсадга хизмат қилади, деган эди.

Куни кеча Ички ишлар вазирлиги академиясининг профессор-ўқитувчилари ва фаол курсантлари Ғалаба боғидан ўрин олган “Шон-шараф” музейи, шунингдек “Мангу жасорат”, “Матонат мадҳияси” монументларини томоша қилишди. Жанг майдонларида қон кечган, фронт орти учун улкан матонат ва фидойилик намунасини кўрсатган аждодларимизнинг ёрқин хотираси йўлида барпо этилган маскан ёшларда бир олам таассурот қолдирди.

– Бетакрор масканда шонли ўтмишимиз ўз ифодасини топган, – дейди ўқув даргоҳининг 1-босқич курсанти Зумрад Ибодуллаева. – Уруш йилларининг замонавий технологиялар, экспонатлар ёрдамида акс эттирилгани томошабин учун яхлит тасаввур ҳосил қилади. Мен аждодларимизнинг мардонавор жасорати ҳақида тарихий китоблардан ўқиб билгандим. Музейни томоша қилиш баробарида, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини туйдим.

 

ИИВ Академияси ахборот хизмати 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech