Ўз Ру En
×

КУРСАНТИМИЗ ФАН ОЛИМПИАДАСИ ҒОЛИБИ

Ички ишлар вазирлиги академияси курсантлари республика фан олимпиадаларининг фаол иштирокчиси бўлибгина қолмай, фахрли ўринларни ҳам эгаллаб келишмоқда.

Пандемия шароити туфайли олий таълим муассасалари талабалари ўртасида республика фан олимпиадаси онлайн тарзда ўтказилди. 20 майдан 12 июнга қадар бўлиб ўтган олимпиадада 60 дан ортиқ олий ўқув муассасаларидан иқтидорли ўғил-қизлар иштирок этганини эътироф этиш керак. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг olimpiada.edu.uz. сайти орқали натижалар эълон қилиб борилди. Билимлар беллашувининг “Халқаро ҳуқуқ” фанидан курсантимиз Гулмурод Ўролов биринчи ўринни қўлга киритди.

Гулмурод Қашқадарё воҳасида вояга етган. Ички ишлар соҳасига бўлган кучли иштиёқи боис, ўқишни Академияда давом этиришга аҳд қилди. Мақсади сари қўйган дадил қадамлари унинг орзуларини ушалтирди, десак тўғри бўлади. У билим масканини келгуси йил “Тергов фаолияти” мутахассислиги бўйича тамомлайди. Айни кунларда малакавий диплом иши устида ўқиб-изланаётган Гулмурод ўтган йили “Вазир стипендиати” дипломини ҳам қўлга киритди. Тенгқурларига ўрнак бўлиб келаётган курсантимизнинг энг катта мақсади халқпарвар ички ишлар ходими сифатида Ўзбекистонимизнинг тинчлиги ва осойишталигига муносиб ҳисса қўшишдир.  

Куни кеча Академия саф майдонида ўтказилган тадбирда олимпиада ғолибига диплом тантанали равишда топширилди.

 

ИИВ Академияси матубот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech