Ўз Ру En
×

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ МУРОСАСИЗ БЎЛИШ – ФУҚАРОЛИК БУРЧИМИЗ

Бугун Ички ишлар вазирлиги академиясида “Коррупцияга қарши курашиш – фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг устувор шарти” мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда Ички ишлар вазирлигининг Юридик таъминлаш бошқармаси, Бош прокуратура академиясидан мутахассислар, Ички ишлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари ҳамда курсантлари иштирок этишди. 

Анжуманни Инсон ҳуқуқлари назарияси ва амалиёти кафедраси бошлиғи, полковник Каринэ Жавакова очиб, жамиятда коррупциявий ҳолатларга барҳам беришнинг илмий-амалий жиҳатларига тўхталди. Сўзга чиққанлар коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бу борадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини амалга оширишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ролини кучайтириш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва коррупцияни бартараф этиш чора-тадбирларини такомиллаштириш, малакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида ушбу иллатга барҳам бериш, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида мулоҳазаларини билдиришди.

– Коррупцияга қарши курашиш ваколатли идора ва ташкилотнинг вазифаси бўлмаслиги керак, – деди ИИВ Академияси профессори, подполковник Олимжон Матчанов. – Ушбу иллатни таг-томири билан йўқ қилиш ҳамжиҳатликни тақозо этади. Давлатимиз раҳбари бу ҳақда тўхталиб, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шартлиги, унга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарурлигини алоҳида таъкидладилар. 

Илмий-амалий конференцияда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасизлик муносабатини кучайтириш, бу борада аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишнинг илмий-методик тавсияларини ишлаб чиқиш бўйича муҳим таклифлар илгари сурилди. 

 

ИИВ Академияси ахборот хизмати

 

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech