Ўз Ру En
×

“КИМ ВАТАНГА СОДИҚ БЎЛСА, МЕНДИРМАН ЎША!”

Ангрен шаҳридаги 44-сонли ўрта умумтаълим мактабида ташкил этилган тадбир Ички ишлар вазирлиги оркестрининг ватанпарварликка ундовчи жарангдор мусиқаси билан бошланди.

Таълим маскани ўқувчиларининг Ватанга дахлдорлик туйғуларини юксалтириш, тинчлик ва осойишталик йўлида хизмат қилаётган посбонларнинг касб фаолияти билан яқиндан таништириш, ёш авлод қалбида ҳарбий соҳага бўлган қизиқишни кучайтириш мақсадида ўтказилган тадбир аввалида Ички ишлар вазирлиги академияси ҳаётидан ҳикоя қилувчи видеофильм намойиш этилди.

Мустақиллик йиллари ўқув даргоҳида амалга оширилган янгиланишлар, таълим жараёнидаги ислоҳотлар, тингловчи ва курсантлар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Шундан сўнг Касбий тайёргарлик факультетида таҳсил олаётган тингловчилар ўз чиқишларини йиғилганлар эътиборига ҳавола этишди.

Ёш ўғил-қизлар жанговар қуроллар кўргазмасини томоша қилиш баробарида, офицер акалари билан ички ишлар тизимида хизмат қилишнинг машаққати ва ютуқлари ҳақида суҳбат қуришди. Оркестр ижросида янграган куйлар тадбирга янада шукуҳ бағишлади. Айниқса мактабнинг иқтидорли ўқувчилари томонидан тайёрланган мусиқий дастур барчага манзур бўлди. 

 

ИИВ Академияси ахборот хизмати      

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech