Ўз Ру En
×

КАДРЛАРНИ БАҲОЛАШ ҚАНЧАЛИК МУҲИМ?

Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, содир этилган жиноятларни “иссиқ изи”дан фош этиш ҳар бир ички ишлар ходимидан етук билим ва амалий кўникмаларни талаб этади. Бу эса соҳа учун кадрлар тайёрлаш жараёнининг қай даражада самарали ташкил этилганига боғлиқ.  

Ички ишлар вазирлиги академиясида татбиқ этилаётган илғор ёндашувлар бўлажак мутахассисларнинг билим салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Криминалистик экспертизалар кафедраси томонидан ташкил этилган машғулот “Ички ишлар тизимида кадрларни баҳолашнинг замонавий методлари” мавзуига бағишланди.

Маҳорат дарсини Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг Бошқарув социологияси ва психологияси кафедраси катта ўқитувчиси Раъно Тўрахўжаева олиб борди. Тажрибали психолог мавзуни назарий жиҳатдан тушунтириш баробарида, курсантларнинг шахсий сифатларини шакллантиришга қаратилган машқлар ўтказди. Иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда берилган топшириқни мавжуд имкониятдан келиб чиқиб белгиланган вақт мобайнида бажаришга ҳаракат қилишди. Якуний натижага қараб гуруҳ аъзоларига индивидуал тарзда баҳо берилди.

  Мутахассиснинг фикрича, мантиқий фикрлашга йўналтирилган бундай машғулотлар ички ишлар органи ходимлари учун муҳим саналган касбга мослашиш, берилган топшириқни пухта бажариш, фикрни жамлаш, вазиятни таҳлил қила олиш, ҳаракатни мақсад сари аниқ йўналтириш, руҳий барқарорликка эришиш, муаммоларнинг самарали ечимини топиш сингари кўникмаларни пайдо қилади. Айни шу жиҳатлари билан курсантларнинг келгусидаги хизмат фаолиятларида муҳим аҳамият касб этади.   

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати   

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech