Ўз Ру En
×

КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ ТИЗИМИНИ ИСЛОҲ ЭТИШ, ТАЪЛИМ СИФАТИНИ ЮКСАЛТИРИШ – ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИНИ ХАЛҚЧИЛ ТУЗИЛМАГА АЙЛАНТИРИШ ОМИЛИ

Жорий йилнинг 26 февраль куни Ички ишлар вазирлиги академиясида кадрлар тайёрлаш тизимини ислоҳ этиш, таълим сифатини юксалтиришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда таълим муассасаси раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва тегишли таркибий тузилмалар ходимлари иштирок этди.

Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган йиғилишни Академия бошлиғи, полковник Рустам Хатамов олиб борди.

Шу йилнинг 12 февраль куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида соҳа учун профессионал кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам устувор аҳамият қаратилди. Тизим учун мутахассис кадрлар тайёрлашни тубдан такомиллаштириш, таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш, ўқув жараёнига замонавий педагогик анъана ва методлар, илғор хорижий тажрибаларни кенг татбиқ этиш, ёш ходимларнинг касбий ҳамда маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтириш, ички ишлар органлари фаолиятидаги мавжуд муаммоларни илмий жиҳатдан ўрганиш орқали жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишнинг самарали механизмларини амалиётга жорий қилиш масалалари таҳлилий муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, ички ишлар органлари тизими асосан Ички ишлар вазирлиги академиясини тамомлаган кадрлар билан тўлдирилади. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 августдаги “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан келиб чиқиб, мазкур ўқув муассасасида кадрларни ўқитиш сифатини оширишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар бошлаб юборилди. Таълим жараёнида янги мутахассислик йўналишлари ташкил этилиб, соҳа ходимларини касбий тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш йўлга қўйилди. Ўқув-тарбия, маънавий-маърифий ишлар тизими такомиллаштирилиб, Академиянинг моддий-техника базаси ривожлантирилди. Бироқ сўнгги йилларда таълим ва амалиёт ўртасидаги боғлиқнинг узилиб қолгани, ўқув жараёни сифатига етарли даражада эътибор қаратилмагани кадрлар тайёрлаш самарадорлигига ўзининг салбий таъсирини кўрсатгани яққол намоён бўлмоқда.

Йиғилишда Академия бошлиғи мавжуд муаммоларга тўхталар экан, замонавий таълим тизимини йўлга қўймай туриб, ҳеч қандай натижага эришиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлади. “Шиддат билан ривожланаётган ҳозирга даврда кадрлар тайёрлаш масаласига ўзибўларчилик қабилида ёндашиш, ёшлар таълим-тарбиясига лоқайдлик билан қараш, бир сўз билан айтганда, жамиятимизда кечаётган ислоҳотлардан ортда қолишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ”, - деди Р.Хатамов.

Айтиб ўтилганидек, ҳозирда ўқув муассасасида еттита мутахассислик бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган бўлиб, кундузги таълимда ўқиш муддати уч йил этиб белгиланган. Таълим жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида малакавий амалиёт муддати 1,5 ойдан
4 ойга узайтирилиб, Тошкент шаҳридаги ҳудудий ички ишлар органларида
17 та кафедра филиаллари ташкил этилган. Бироқ назарий билимларни амалий кўникмалар орқали мустаҳкамлашда ушбу филиаллар имкониятларидан оқилона фойдланилмагани курсантларнинг етарли иш ўрганиш кўникмаларига эга бўлмасдан хизмат фаолиятига йўл олиши, ишга мослашувчанлигининг секин кечишига сабаб бўлмоқда.  Академияда илмий даражалар берувчи кенгаш фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, сўнгги уч йилда тадқиқотчиларнинг ўз диссертация ишларини муваффаққиятли ҳимоя қилгани натижасида илмий салоҳият 46 фоизга етган. Ҳозирда профессор-ўқитувчиларнинг 97 нафари илмий даража ва унвонга эга, аммо бу кўрсаткич республикамиздаги юридик таълимга ихтисослашган бошқа ўқув муассасалари билан таққослаганда ҳавас қиларли даражада эмас. Илмий фаолият билан боғлиқ асосий муаммолардан бири шундаки, диссертация ишларини “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятларни жиловлаш бўйича маҳаллабай, оилабай ва фуқаробай ёндашиш методикасини жорий этиш”, “Жиноятчиликка қарши кураш бўйича ҳудудлар методикасини яратиш”, “Ички ишлар органларининг секторлардаги иш фаолиятини ташкил этиш ва такомиллаштириш” каби бугунги куннинг энг долзарб ва муаммоли масалалари эътибордан четда қолган. Қолаверса, Илмий-амалий тадқиқотлар маркази томонидан вилоятлар кесимида жиноятликни ўрганишга қаратилган 20 дан ортиқ тадқиқот ўтказилиб, ҳудудий ички ишлар органлари учун 12 та қўлланма тайёрланган. Аммо мазкур қўлланмаларда криминоген вазияти оғир ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда жиноятчиликни олдини олишнинг самарали механизмлари пухта ёритилмаган. Хусусан, секторлар фаолиятини мувофиқлаштириш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” билан ишлаш борасида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилмаган. Жиноятчиликни илмий прогноз қилиш, криминоген вазияти оғир ҳудудлар бўйича янги методикалар яратиш, жойлардаги ички ишлар органлари ходимларига илмий-амалий ёрдам кўрсатиш самарали йўлга қўйилмаган.

Ҳозирда Академия йигирмадан ортиқ халқаро ташкилотлар ҳамда хорижнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ўзаро келишувлар асосида ҳамкорлик қилиб келади. Таҳлиллар мазкур соҳада ҳам тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмагани, хорижнинг илғор тажрибаларини ўрганиш ва таълим жараёнига самарали татбиқ этиш борасида етарли даражада фойдаланилмагани, профессор-ўқитувчилар ва курсантларнинг етакчи хорижий давлатларнинг турдош ўқув масканларида малака оширишлари тизимли йўлга қўйилмаганини кўрсатмоқда.

Йиғилишда таълим жараёнида айрим профессор-ўқитувчилар томонидан ўқув машғулотини ташкил этишда жиддий камчиликларга йўл қўйилаётгани, ўқитишнинг интерфаол методларини қўллаш, педагогик маҳоратни юксалтириб бориш, ўз устида изланиш ва инновацияга интилиш ўрнига, самарасиз педагогик усул ва воситалардан фойдаланилаётгани қаттиқ танқид остига олинди. Курсант ва тингловчиларга ўқитишнинг замонавий методикаларидан фойдаланиб таълим бериш амалиёти тўлиқ йўлга қўйилмаган. Профессор-ўқитувчилар ўқув жараёнида асосан назарий таълим билан чегараланиб, назария ва амалиётнинг уйғунлиги таъминланмаганлиги оқибатида Академия битирувчиларининг амалиётга мослашиб кетиши учун салкам икки йилгача вақт талаб этилмоқда.

 “Кафедраларда фаолият юритаётган кўп йиллик педагогик стажга эга айрим ўқитувчилар ҳанузгача илмий-тадқиқот ишлари билан жиддий шуғулланмаган. Қолаверса, курсантларни илмий-тадқиқот фаолиятига кенг жалб этиш, улар билан олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларини жадаллаштириш ва фанларга бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида ташкил этилган курсантлар илмий тўгараклари фаолиятини ҳам кониқарли деб бўлмайди. Натижада курсантларимизнинг республика фан олимпиадаларидаги ютуқлари салмоғи йилдан-йилга тушиб кетмоқда”, - деди Академия бошлиғи.

Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, ўқув жараёнини такомиллаштириш, илмий салоҳиятини янада юксалтириш, айниқса амалиётдаги муаммоларни илмий жиҳатдан тадқиқ этиш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилгани, кадрлар тайёрлаш тизимини янги босқичда ташкил этиш, таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш борасида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилиши айтилди. Жумладан, Академиядаги таълим замонавий стандартларга мувофиқ, икки босқичда – бакалавриат ва магистратура асосида йўлга қўйилади. Тингловчи ва курсантларга таълим бериш жараёни тубдан ислоҳ этилади. Назария ва амалиёт уйғунлиги кучайтирилиб, машғулотлар замонавий инновация, ахборот технологиялари ютуқлари асосида ташкил этилади. Тингловчи ва курсантларнинг касбий билимлари, амалий кўникмалари, маънавий-ахлоқий, руҳий фазилатларини, ватанпарварлик туйғуларини янада юксалтириб бориш чора-тадбирлари кўрилади. Халқаро тажриба алмашинувини ривожлантириш асносида профессор-ўқитувчилар, ходимлар, тингловчи ва курсантларнинг педагогик маҳорати, малакаси мунтазам ошириб, мақсадли ўқитиб  борилади. Тингловчи-курсантларни ватанпарварлик руҳида касбга садоқатли ходим сифатида тайёрлаш мақсадида улар билан олиб бориладиган тарбиявий-психологик, маънавий-маърифий ишлар тизимини замон талаблари даражасида ташкил этиш чоралари кўрилади.

Академия профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот фаолияти амалиётдаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечимларига йўналтирилади. Академия илмий жамоаси томонидан криминоген вазияти оғир ҳудудларга борилиб, содир этилган жиноятларнинг сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитлар илмий жиҳатдан ўрганилади ҳамда шу асосда “илмий диагноз” қўйилади, шунингдек жиноятчиликни жиловлаш бўйича илмий асосланган хулосалар бериб борилади. Республикага келгусида кириб келиши ёки кўпайиши мумкин бўлган жиноят турларини олдиндан прогнозлаш ва ушбу жиноятларга қарши курашиш бўйича ўқув ва методик қўлланмалар яратилади ҳамда тингловчи-курсантлар шу асосида ўқитилади. Қолаверса, ҳар бир ҳудуднинг хусусиятидан келиб чиқиб ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши кураш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш методикаси ишлаб чиқилади. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши кураш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича маҳаллабай ишлаш тизимини яратиш бўйича илмий таклифлар ишланади. Мутахассислик кафедралари профессор-ўқитувчилари ва тингловчи-курсантлар таркибидан тезкор-тергов гуруҳлари шакллантирилиб, Тошкент шаҳрида содир бўлган оғир ва ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойда амалиёт ходимлари билан биргаликда ишлаш тизими йўлга қўйилади.

Таълим-тарбия жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш имконини берувчи инновацион дастурий таъминотлар кенг жорий этилади. Ўқув даргоҳининг моддий-техника базаси янада бойитилади. Хусусан, таълим сифатини ошириш мақсадида симуляция ва модуляция маркази, замонавий технологиялар билан жиҳозланган ўқув ва амалий машғулот хоналари барпо этилади. Шунингдек, Академиянинг Ички ишлар вазирлиги ихтисослаштирилган мактаб интернати, академик лицейлари, Нукус “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейи билан олиб борадиган ўқув-методик мувофиқлаштириш, маънавий-маърифий қўллаб-қувватлаш, амалий-методик ёрдам кўрсатишдаги етакчилик роли кучайтирилади.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда бундан буён ҳар бир профессор-ўқитувчи ва ходим ўз фаолиятига танқидий нуқтаи назардан баҳо бериб, таълим-тарбия бериш сифатини ошириши, кадрлар тайёрлаш самардорлигини юксалтириш ишларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши, ватанпарвар, фидоий, юртга садоқат ҳисси билаш яшаши лозимлиги таъкидланди.

 

ИИВ Академияси ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech