Ўз Ру En
×

КАДРЛАР САЛОҲИЯТИ ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИГА БОҒЛИҚ

Тошкент шаҳридан эллик чақирим узоқроқда Ички ишлар вазирлиги академиясининг ўқув полигони жойлашган. Баҳаво адирлар этагига туташган ушбу масканда эл тинчлиги ва осойишталиги йўлида хизмат қилишни мақсад қилган навқирон ўғил-қизлар касбий тайёргарликдан ўтишади.

Ўқув полигонида асосан Академиянинг Касбий тайёргарлик факультетига ўқишга кирган тингловчилар сабоқ олишади. Масканда уларнинг билим олиши, жанговар-жисмоний кўникмаларни эгаллаши, маданий ҳордиқ чиқариши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ўқув машғулот хоналари, спорт майдончаси, ўқ отиш тири, махсус тактик полигон, ахборот-ресурс маркази, ошхона ва ётоқхона билим олувчилар ихтиёрида. Шунингдек, шахсий таркибнинг руҳий барқарорлиги ҳамда сиҳат-саломатлигини таъминлаш мақсадида психологик марказ ва тиббиёт пункти ҳам фаолият юритмоқда.

Масканда тингловчилар учун қатъий кун тартиби белгиланган. Тонгги бадантарбиядан сўнг улар ораста хизмат кийимларида нонушта томон йўл олишади. Эрталабки сафланиш шахсий таркибнинг жанговар шайлигини яна бир бор синовдан ўтказиш учун қулай фурсат. Соат 8:00 да жамоанинг барча аъзолари полигон саф майдонида йиғилади. Йўриқнома ўтказилиб, ўқув жараёни билан боғлиқ янгиликлар, ютуқ ва камчиликлар муҳокама қилинади.  

– Дасрлар замонавий таълимнинг илғор ёндашувлари асосида олиб бориляпти, – дейди тингловчи Аслиддин Таваккалов. – Машғулотларга ички ишлар органларида катта тажриба тўплаган амалиётчи ходимларнинг жалб қилинаётгани касбий кўникмаларимизни шакллантиришда муҳим омил бўлмоқда. Масалан, ИИВ Ҳуқуқбузарликлар бош бошқармаси, Хоразм вилояти ИИБ, Тошкент шаҳар ИИББ вакиллари томонидан “Профилактика инспекторларининг маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш фаолияти”, “Вояга етмаганларни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштириш тартиби”, “Ҳуқубузарликларнинг якка тартибдаги профитактикасини ташкил этиш”, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш” мавзуида ўтказилган маъруза машғулотлари қизиқарли ва таҳлилий маълумотларга бой бўлди.

Кун тартибига биноан тушликдан сўнг тингловчилар мустақил тайёргарлик машғулотлари билан банд бўлади. Шунингдек, ахборот-ресурс марказида соҳага оид юридик адабиётлар, ўқув қўлланмалари ва бадиий адабиётларни мутолаа қилишади. Ўқув полигонида махсус тактик машғулотлар ҳам ўтказилиб, бунда тингловчиларнинг жанговар тайёргарлиги, ностандарт вазиятларда мустақил қарор қабул қила олиш, юзага келган турли зиддиятларни зудлик билан бартараф этиш кўникмалари оширилади. Спортнинг турли йўналишлари бўйича ташкил этилаётган мусобақалар, билимлар беллашуви ва китобхонлик танловлари жамоада соғлом маънавий муҳитни тарғиб қилишга хизмат қилаётир.

Ҳозир ўқув полгонида ички ишлар органларининг профилактика инспектори лавозимига қабул қилинган ходимлар касбий тайёргарликдан ўтишмоқда. Тингловчилар ўқишни муваффақиятли тамомлаб, тегишли намунадаги диплом ва “лейтенант” махсус унвони билан амалиётга йўл олишади. Уларнинг келгусидаги хизмат фаолияти, халқпарвар ички ишлар ходими сифатида ҳуқуқ тартиботни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши бугун эгаллаётган касбий кўникмаларига боғлиқ. Факультет профессор-ўқитувчилари бу масъулиятни чуқур англанган ҳолда таълим жараёнини самарали ташкил этишмоқда.

 

Хайрулла ҚИЛИЧЕВ,

Касбий тайёргарлик факультетининг махсус

фанлар цикли бошлиғи, подполковник.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech