Ўз Ру En
×

ЮКСАК МУКОФОТЛАР ЭГАЛАРИГА ТОПШИРИЛДИ

Халқимиз ўз бошига тушган синовли кунларни сабр-қаноат, чидам ва бардош билан енгиб келган. Дунё бўйлаб кенг тарқалган коронавирус пандемияси барчамизни бир мақсад сари бирлаштириб, ҳамжиҳатлигимизни мустаҳкамлади, десак нотўғри бўлмайди.

Бундай мураккаб вазиятда хасталикнинг авж олиб кетмаслиги муҳим вазифа саналади. Шу боис юртимизда коронавирус офатининг таъсирини юмшатиш ҳамда салбий оқибатларини бартараф этишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Бу эса фуқароларимизнинг тинч-осуда ҳаётини таъминлаш ва сиҳат-саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим омил бўлмоқда.

Коронавирус пандемияси ҳамда турли табиий офат ва фавқулодда ҳолатларга қарши курашиш, унинг оқибатларини бартараф этиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу борадаги ишларни умумхалқ ҳаракати даражасига кўтаришда катта ҳисса қўшган, жамиятимизда тинчлик-осойишталик, дўстлик ва тотувлик муҳитини мутсаҳкамлашда фаол иштирок этаётган, беғараз ҳомийлик ёрдами ҳамда эзгу ишлари билан барчага ўрнак бўлаётган юртдоршларимизни муносиб тақдирлаш мақсадида “Меҳр-саховат” кўкрак нишони таъсис этилган эди.

Давлатимиз раҳбарининг фармонига кўра ушбу мукофот билан тақдирланганлар орасида тизимда кўп йиллар фидокорона хизмат қилаётган Ички ишлар вазирлиги академияси ходимлари ҳам бор. Бугун эрта тонгда таълим муассасаси саф майдонида мукофот эгаларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

– Ҳар бир ички ишлар органи ходими ҳар қандай шароитда масъулиятни икки ҳисса ошириб, касбига салоқатини намоён этиши лозим. Пандемия даврида маҳалла фаоллари, миллий гвардия ходимлари ҳамда ҳарбийларимиз билан ҳамкорликда пойтахтимиз аҳолисининг саломатлигини асраш, ҳудудларда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлашга ҳисса қўшдик. Жойларда кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширдик. Шу боис, ушбу мукофот нафақат меҳнатларимиз самараси, балки ўқув даргоҳимиз жамоасига кўрсатилган юксак эътибор намунаси ҳамдир, – деди Академия бошлиғининг ўринбосари, подполковник Ражаббой Отажонов.

 Тадбирда юртдошларимизнинг сиҳат-саломатлиги ва тинчлигини сақлаш йўлида мардонавор хизмат олиб бораётган соҳа вакилларининг шарафли меҳнатлари алоҳида эътироф этилди. Шу куни яна бир гуруҳ ходимларга “Ички ишлар органларининг фахрий ходими”, “Аъло хизматлари учун”, “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишонлари ҳамда эсдалик қўл соатлари тантанали равишда топширилди. Ўзининг илғор ташаббус ва ғоялари билан таълим-тарбия жараёнида фаол иштирок этиб келаётган профессор-ўқитувчилар Ички ишлар вазирлиги академиясининг Фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech