Ўз Ру En
×

“ЖАСУР ЖАНГЧИ – ЁШЛАР УЧУН НАМУНА”

Ушбу шиор остида ИИВ ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

9 апрель – соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги муносабати ўтказилган тадбир аввалида буюк саркарда ва давлат арбобининг ҳаёти, темурийлар даври илм-фани ва маданиятининг дунё цивилизацияси ривожида тутган ўрни, буюк аждодларимизнинг келгуси авлодлар учун қолдирган улкан маънавий мероси ҳақида тўхталиб ўтилди. Амир Темур каби тарихда ўсмас из қолдирган аждодларимизнинг саркардалик маҳорати, маънавий жасорати ва ибратли амаллари ёшларнинг ватанпарварлик, жасурлик, фидокорлик фазилатларини юксалтиришда тарбиявий-ахлоқий аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Сўнг ИИВ Академиясининг Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш кафедраси бошлиғининг ўринбосари, майор А.Қаҳҳоров республикамиз ҳудудида ўтказилаётган “Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги” доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида гапириб ўтди. Давра суҳбати давомида ўқувчилар ҳаракат хавфсизлиги тушунчаси, йўл қоидаларига риоя этиш, шунингдек болалар иштирокида содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисалари, йўлларда ҳаракатланиш қоидаларини бузган пиёдалар учун белгиланган жавобгарлик ҳақида тушунчага эга бўлишди.

Айтиш керакки, қизиқарли савол-жавобларга бой худди шундай тадбир пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 121-сонли ўрта умумтаълим мактабида ҳам ўтказилиб, унда келажак авлодларнинг хавфсиз ҳаёти учун ота-оналар, маҳалла ҳамда таълим масканлари бирдек масъул эканлиги атрофлича тушунтирилди.

 

ИИВ Академиясининг Ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech