Ўз Ру En
×

ЯНГИЧА ФИКРЛАШ, БИЛИМ ОЛИШГА ИНТИЛИШ – ЁШЛАРИМИЗ ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ МЕЗОНИ БЎЛИШИ КЕРАК

Ички ишлар вазирлиги академияси саф майдонида ўтказилган йиғилишда таълим муассасаси бошлиғи, полковник Рустам Хатамов курсантларга мурожаат қилди. 

 

Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбиясига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, уларнинг замон талаблари даражасида билим олиши ва ҳаётда ўзининг мустақил ўрнига эга бўлиши учун улкан имкониятлар яратилмоқда. Жамиятимизда кечаётган янгиланишларга жавобан ёшлардан фаоллик ва ташаббусни қўлдан бермай, юксак ватанпарварлик, фидоийлик фазилатларини намоён этиш талаб қилинади. Ички ишлар органларининг фаолият самарадорлиги ҳам ушбу ўқув масканида таълим-тарбия олаётган ўғил-қизларнинг билим салоҳияти, дунёқараши, келажак мақсадларига боғлиқ. Йиғилишда ушбу масалага эътибор қаратилиб, кадрлар тайёрлаш жараёни ислоҳ қилинаётган ҳозирги муҳим паллада ёшларнинг касбига садоқати муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди. 

– Ички ишлар органларининг халқчиллигини ошириш асосий мақсадимиз экан, ёшларимиз ҳозирданоқ ислоҳотларга мос ҳаракат қилишлари керак, – деди Р.Хатамов. – Бунга пухта билим олиш, тинимсиз изланиб, янгиликка интилиш вақатъий тартиб-интизом билан эришилади. Давлатимиз раҳбари раислигида Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг яқинда ўтказилган йиғилишидаги вазифалардан келиб чиқиб, бир қатор устувор йўналишлар белгилаб олинди. Яъни таълим сифатини юксалтириш, халқаро тажрибанинг самарали механизмларини фаолиятимизга татбиқ этиш, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш ҳамда тингловчи-курсантларнинг касбий маҳоратини тизимли равишда ошириб бориш бўйича аниқ чора-тадбирлар ўқув жараёнига татбиқ этилмоқда. Зеро, ёшларимиз онги ва қалбида ватанпарварлик, фидоийлик, мардлик сингари туйғуларни шакллантириб, уларни тўғри мақсад сари йўналтириш муҳим вазифамиздир.

Мурожаатда тингловчи-курсантларга хизмат интизоми 

ва қонунийликка амал қилиш, келгусида ўз соҳасининг малакали мутахассиси бўлиши учун зарур бўлган фазилатларни янада шакллантириш борасида талаб ва вазифалар етказилди. Чунончи, интеллектуал салоҳияти, билим олишга чанқоқлиги, интилувчанлиги 

ва ташаббускорлиги билан тенгдошларига ўрнак кўрсатаётган ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши, аксинча, лоқайдлик ва бефарқликка берилиб, ўқув ва хизмат интизомини бузаётган тингловчи-курсантларга нисбатан таъсирчан интизомий жазолар қўлланилиб, адолатли бошқарув тизими жорий этилиши айтилди.

– Ёшларнинг билим олиши учун барча имкониятларни яратамиз. Ўқув машғулотлари мутлақо янгича ёндашув асосида ташкил этилиб, замонавий педагогик технологиялар ва интерфаол усуллар асосида олиб борилади. Таълим жараёнида мутахассислик кафедраларининг амалиёт органларидаги филиаллари фаолияти кучайтирилиб, уларда ўтказиладиган амалий машғулотларнинг ҳажми кўпайтирилади. Академияда “Иқтидорли курсантлар клуби”ни ташкил этиб, тенгдошларига ўрнак бўлаётган ўғил-қизлар учун муайян имтиёзлар яратилади, – деди таълим муассасаси бошлиғи.   

Мухтасар айтганда, ўқув масканида билим олаётган ёшларнинг саъй-ҳаракати фақат бир мақсадга – етук малакали кадрлар бўлиб етишишга қаратилади. Зеро, ёш авлоднинг илм-маърифатга бўлган интилиши, масъулиятни чуқур англаган ҳолда яратилаётган 

шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиши ҳамда назарий билим 

ва амалий кўникмаларни мукаммал эгаллаши мамлакатимизнинг эртанги куни учун муносиб пойдевордир. 

Жамшид ХОЛОВ, 

ИИВ Академияси ахборот хизмати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech