Ўз Ру En
×

ЯНГИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ

Ички ишлар вазирлиги академиясида “Янги Ўзбекистон меъмори” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда Ички ишлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда курсантлар иштирок этди.

Дунё шу қадар тез ўзгаряптики, содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни бир деганда илғаб олиш мушкул. Глобаллашув жараёнининг шиддати инсониятни тараққиётдан тўхтамай, янгилик ва яратувчанлик сари интилиш, инновацион фикрлашга ундамоқда. Мамлакатимиз ҳаётида кечаётган мислсиз ислоҳотларни ҳам бундан беш-ўн йил олдинги давр билан таққослаб бўлмайди. Чунончи, жаҳон ҳамжамияти томонидан бугун “Янги Ўзбекистон”, “Янгиланаётган Ўзбекистон” деган иборалар бежиз тез-тез тилга олинмаяпти. Сўнгги йиллар ҳаётимизда рўй бераётган ўзгаришлар, жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган кенг қамровли ислоҳотлар, давлатимиз раҳбарининг оқилона ички ва ташқи сиёсати халқаро миқёсда юқори баҳоланмоқда.

Таниқли сиёсатшунос, журналист, тарих фанлари доктори, профессор Карим Норматовнинг “Янги Ўзбекистон меъмори” китоби шу ҳақда. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган эътиборга сазовор янгиланишлар, юксалишнинг ўзига хос йўли сифатида эътироф этилаётган “ўзбек мўъжизаси”, давлатимиз раҳбари ташаббуси ва концептуал ғоялари асосида қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясининг тарихий тараққиётимиздаги аҳамияти теран нигоҳ билан ёритилган.

Тақдимот маросимида сўзга чиққанлар муаллифнинг кўп йиллик изланишлари самараси ўлароқ яратилган қўлланманинг муҳим жиҳатлари ҳақида мулоҳазаларини билдиришди. Таъкидлаб ўтилганидек, мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришлар “инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун”, “халқ давлат идораларига эмас, аксинча, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, “одамлар эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди” сингари улуғвор тамойилларни кўзлагани билан ғоят муҳим.  Муаллиф томонидан айни шу жиҳатларга эътибор қаратилгани қўлланманинг бадиий қийматини янада оширган.  

 

ИИВ Академияси ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech