Ўз Ру En
×

Якуний имтиҳонлар белгиланган меъёрлар асосида шаффоф ўтаяпти

Пандемия шароити туфайли мамлакатимиз олий ўқув муассасаларида масофавий таълим жорий қилинган эди. Бу борада Ички ишлар вазирлиги академиясида карантин тартибларига қатъий риоя қилинган ҳолда ўқув жараёнларининг давом эттирилгани эътиборга молик.

 

Ўз вақтида амалга оширилган чора-тадбирлар самараси ўлароқ, таълим муассасасида эпидемик вазиятнинг тўлиқ назоратга олингани назарий ва амалий машғулотларнинг узлуксиз олиб борилишида муҳим омил бўлди.

 

Айни кунларда Академиянинг 3-босқич курсантлари мутахассислик фанлари, хорижий тил ва миллий ғоя фанларидан якуний имтиҳонларни топширишмоқда. Тажрибали професссор-ўқитувчилардан таркиб топган махсус комиссия томонидан битирувчи курсантларнинг уч йил мобайнида эгаллаган билим ҳамда касбий кўникмалари оғзаки тарзда синовдан ўтказиляпти.

 

– Академия бошлиғининг 2020 йил 2 мартдаги буйруғи билан якуний давлат аттестация комиссиясининг таркиби тасдиқланди, – дейди Ўқув жараёнини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси ўқитувчи-методисти, майор Зокир Юсубов. – Имтиҳонларнинг ошкора ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида республикамизнинг етакчи олий таълим муассасаларидан малакали мутахассислар ҳам жалб қилинди.

 

Маълумот ўрнида айтиш керакки, курсантлар якуний давлат аттестация имтиҳонларини муваффақиятли топширганларидан сўнг битирув малакавий диплом ишини ҳимоя қиладилар.

 

ИИВ Академияси матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech