Ўз Ру En
×

ЎҚИТУВЧИЛИКНИ ШАРАФ БИЛГАН ОФИЦЕР

Ҳарбий бўлиш учун орзу-ҳаваснинг ўзи камлик қилади. Эл-юрт тинчлиги йўлида хизмат қилиш кишидан юксак билим, қатъий ирода, метиндай бардош ва матонатни талаб этади.

Истам акани Шофиркон туманининг Денов қишлоғи аҳли жуда ҳурмат қилади. Кўп йиллар вилоят Ички ишлар бошқармасида ҳайдовчилик қилган Истам ака ўзининг одамийлик фазилатлари билан обрў-эътибор қозонган. Турмуш ўртоғи Гавҳар опа билан тўрт фарзандни вояга етказган қаҳрамонимизнинг тўнғич ўғил – Жасурбекдан орзу-ҳаваслари кўп эди. Унинг яхши ўқиши, келажакда ўзи хоҳлаган касб эгаси бўлиши учун бор имкониятни яратиб берди. Жасурбек ҳам зиммасидаги масъулиятни англаган ҳолда мактабни аъло баҳолар билан тугатди. Бу саъй-ҳаракатлар мевасини кўрсатиб, у Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти (ҳозирги Қуролли Кучлар академияси) курсанти бўлди.

Билим масканидаги мустаҳкам тартиб-интизом, чинакам ҳарбийча ҳаёт Жасурбек учун ўзига хос мактаб вазифасини ўтади. Бўлажак офицер касбий ва жисмоний томондан ўзини чиниқтириб борди. Замонавий билимлар билан бирга, амалий кўникмаларни пухта эгаллади. Олий ўқув муассасасини муваффақиятли тамомлагач, Шарқий округга қарашли Андижон вилоятидаги ҳарбий қисмда хизмат фаолиятини бошлади.

Ички ишлар вазирлиги академиясига келгунга қадар у  Қуролли Кучлар тизимида турли лавозимларда хизмат қилиб, “майор” унвонигача бўлган йўлни босиб. Ҳозирги пайтда ўқув даргоҳининг Ҳарбий тайёргарлик кафедраси ўқитувчиси сифатида фаолиятини давом эттираётган Жасурбек Муродов курсантларга ўқ отиш тайёргарлиги, ҳарбий топография, махсус тактик тайёргарлик фанларидан билим бермоқда.

Ўз касбига масъулият ва иштиёқ билан ёндашишни хуш кўрадиган қаҳрамонимизнинг кўп йиллар мобайнида тўплаган тажрибаси ёшларнинг ватанпарварлик туйғуларини камол топтиришга хизмат қилмоқда.

– Эгнига ҳарбий либос кийган ҳар бир ходим хизматда ҳам, оилада ҳам ўрнак бўлиши лозим, – дейди майор Жасурбек Муродов. – Чунки жамиятда босган қадамимиз, ахлоқий фазилатимизга қараб, касбимизга баҳо беришади. Устозларимдан олган таълим-тарбия касб машаққатларини сабот билан енгишимга муҳим пойдевор бўлмоқда. Академиямизда таълим жараёнларининг такомиллашиб бораётгани биз, ўқитувчи-педагоглар олдига замонга мос талабларни қўймоқда. Шундан келиб чиқиб, фаолиятимизни янгича ёндашувлар асосида ташкил этиб бораяпмиз.

Дарвоқе, Ҳарбий тайёргарлик кафедрасини таълим даргоҳининг таянч таркибий тузилмаларидан бири, десак муболаға бўлмайди. Боиси, ўқув даргоҳига қабул қилинган ўғил-қизлар дала полигонига йўл олиб, бошланғич ҳарбий тайёргарликдан ўтишади. Касбга муҳаббат, бурчга садоқат, машаққатларга ён бермаслик сингари руҳий-ахлоқий фазилатлар шу ерда куртак ёза бошлайди. Ҳарбий тайёргарликни маромида олиб бориш эса ёшларнинг келгусидаги хизмат фаолиятида асқотиши, шубҳасиз. Қаҳрамонимиз ана шу масъулиятни ҳис қилиб, ёшларга юксак шараф билан сабоқ бериб келмоқда.

 

Жамшид ХОЛОВ,

катта лейтенант. 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech