Ўз Ру En
×

ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАР САФИ КЎПАЙМОҚДА

Таълим жараёнини илмий фаолият билан ҳамоҳанг олиб боришнинг ижобий жиҳатлари кўп. Энг асосийси, бу ёш тадқиқотчиларнинг етишиб чиқиши, илмий изланишлар кўламининг кенгайишига йўл очади. 

Бугунги кунда Ички ишлар вазирлиги академиясидаги ҳар бир кафедра қошида иқтидорли курсантлар тўгараклари фаолият юритмоқда. Курсантларни илмий тадқиқот ишларига жалб этиш, иқтидор ва салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, илмий-педагогик кадрлар захирасини яратиш мақсадида ташкил этилган тўгарак ёшларнинг янги қирраларини кашф этишга хизмат қилмоқда. Чунончи, бу ерда улар ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан боғлиқ мавзулар устида изланишлар олиб боришади, тажрибали устозларидан илмий тадқиқот сир-асрорларини ўрганишади. Ўқув жараёни мобайнида эгаллаган назарий билимларини илмий нуқтаи назардан бойитиб боришади.

– “Ёш раҳбар” номли тўгарагимизнинг 30 нафардан ортиқ аъзоси бор, – дейди Жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш кафедраси бошлиғи, профессор, полковник Исомиддин Исмоилов. – “Устоз-шогирд” анъаналари асосида уларга кафедрамиз тадқиқотчиларини бириктирганмиз. Бундан ташқари, тўгарак аъзолари республика ва халқаро миёсдаги илмий-амалий анжуманларда фаол иштирок этиб келишяпти.

Айтиш керакки, ўтган йили Краснодар шаҳрида МДҲнинг полиция хизмати академиялари тингловчи-курсантлари ўртасида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилиши режалаштирилган эди. Бироқ пандемия шароити туфайли анжуман иштирокчилари учун онлайн кўрик-танлов ташкил этилди. Унда “Ёш раҳбар” тўгараги фаолларидан Мадина Аҳмедова “Ички ишлар органларида хавфсиз туризмни таъминлаш” ҳамда Лутфулло Исаков “Ички ишлар органларининг бошқарув тизимини такомиллаштириш” мавзуидаги илмий мақолалари билан қатнашиб, якунда ғолибликни қўлга киритди.  

Мухтасар айтганда, таълим муассасасида замонавий инновация имкониятлардан самарали фойдаланиб келаётган ёшлар сафи кўпаймоқда. Уларнинг билим салоҳияти, изланиш ва интилиши келгусида, албатта, ўз мевасини беради.

 

ИИВ Академияси ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech