Ўз Ру En
×

ИСЛОҲОТЛАР СУРЪАТИ ФИДОЙИЛИКНИ ТАЛАБ ҚИЛАДИ

Мамлакатимиз ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади аҳолини рози қилиш, фуқаролар манфаатларини ифода этадиган халқчил тузилмани яратишдан иборат. Тизим фаолиятини янада жонлантириш, шубҳасиз, кенг дунёқараш ва чуқур билимга эга салоҳиятли кадрларга боғлиқ жараён.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи, полковник Рустам Хатамов билан суҳбатимиз шу хусусда бўлди.

 

– Президентимиз 12 февраль куни Ички ишлар вазирлигига ташриф буюриб, илк бор вазирлик ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этиши тизим фаолияти ривожланишида янги босқични бошлаб бергани билан тарихий аҳамиятга эга. Йиғилишда кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Маълумки, ички ишлар органлари тизими асосан вазирлик Академиясини битирган кадрлар билан тўлдириб борилади. Бунда сизга катта ишонч билдирилди ва Академия бошлиғи сифатида иш бошладингиз. Вазирлик тизимидаги кадрлар масаласи билан яқиндан таниш раҳбар сифатида бугунги ютуқ ва камчиликларни нималарда кўряпсиз, қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратишимиз керак?

– Президентимиз раҳбарлигида сўнгги уч-тўрт йилда тизимда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўнлаб фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ички ишлар органларини фуқароларнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қила оладиган чинакам халқпарвар тузилмага айлантириш асосий мақсад этиб белгиланди. Том маънода, бунга эришилди ҳам. Бироқ бу борада ҳали қилинадиган ишлар, ҳал этилиши лозим бўлган масалалар борлигини яқинда давлатимиз раҳбари раислигида танқидий ва таҳлилий руҳда ўтказилган йиғилиш кўрсатиб берди. Президентимиз ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши кураш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги фаолиятини таҳлил қилиб, бир қатор устувор вазифаларга эътибор қаратди. Энг аввало, маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, уларнинг содир этилиш сабаблари ва имкон бераётган шарт-шароитларини ўрганиш, аниқлаш ҳамда бартараф этиш, профилактика инспекторларининг иш юкламасини енгиллаштириб, натижадорлигини ошириш лозимлиги таъкидланди.

Йиғилишда кўрилган яна бир муҳим масала, бу – соҳа учун профессионал кадрлар тайёрлашни янги босқичга кўтариш бўлди. Тан олайлик, тизимни ислоҳ қилиб, замонавий ахборот технологияларини қанчалик кенг татбиқ этмайлик, ходимларнинг билим салоҳияти, касбий ва амалий тайёргарлиги замон талабларига жавоб бермас экан, кўзлаган натижаларга эриша олмаймиз.

Биз глобаллашув шароитида яшаяпмиз. Ҳуқуқ-тартибот тизими бўладими ёхуд бошқа соҳа, аввало, давр шиддатига мос қадам ташлаш, янгиликка ва инновацияга интилиш – бугунги кун талаби. Ҳайъат йиғилишида давлатимиз раҳбари мутасадди раҳбарлар олдига долзарб вазифаларни қўйиб, ички ишлар органларининг барча бўғинида қоғозбозлик ва бюрократияни кескин камайтириш, иш юритишни рақамлаштириш масаласига аҳамият қаратди. Ана шу мақсадда Ички ишлар вазирлигида ахборот технологиялари бўйича вазир ўринбосари лавозими жорий этилди.

Кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳам ҳамиша ислоҳотталаб жараён. Шундан келиб чиқиб, сўнгги йилларда ички ишлар органларига хизматга қабул қилиш тартиби босқичма-босқич ислоҳ этилди. Ходимларнинг касбий малака ва кўникмасини ошириш, соҳа учун етук мутахассис кадрлар тайёрлаш чора-тадбирлари такомиллаштирилди. Бироқ халқимизда “одамнинг оласи ичида” деган ҳикматомуз мақол бор. Белгиланган барча талаб ва меъёрлар асосида ишга қабул қилинган ёки лавозимга тайинланган айрим кадрлар томонидан хизмат интизомини қўпол равишда бузиш, лавозимни суиистеъмол қилиш, ўз манфаатини устун қўйиш каби салбий ҳолатларга ҳамон йўл қўйилмоқда. Бундай кадрлар содир этган ҳатти-ҳаракати билан наинки ўзи ва оиласи, балки жамиятга, ички ишлар органларининг халқ орасидаги обрўйи ва нуфузига путур етказяпти. Ёки раҳбарлик лавозимига тайинланган баъзи ходимлар бошқарувни самарали ташкил этишда турли камчиликларга йўл қўйиб, охир-оқибат лавозимидан четлаштириляпти. Афсуски, ҳамкасбларимиз орасида жиноят кўчасига кириб қолаётганлар ҳам йўқ эмас. Тизимни бундай номақбул кадрлардан тозалаш кечиктириб бўлмайдиган вазифа ҳисобланади.

Қолаверса, таҳлилларга назар ташласак, вазирлик Академиясини битирган ёш кадрларнинг ишга кўникиб кетиши жуда қийин кечмоқда. Агарда шундай пайтларда тизимда “устоз-шогирд” анъанаси қарор топмаган бўлса, уларнинг айримлари бир-икки йиллик хизмат фаолиятидан сўнг ўз хоҳиши билан ишдан бўшаб кетади. Демак, ички ишлар органлари ходимларининг касбий ва маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтириш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этади. Чунки маънавий салоҳияти етук, ватанпарвар, фидоий, юртга дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган ҳар бир ходим, аввало, касбига хиёнат қилмайди, турли ножоиз хатти-ҳаракатларга қўл урмайди, аксинча Ватани ва халқига садоқат билан хизмат қилади.

– Рустам Абдуғаниевич, гап ўз-ўзидан мутахассис кадрлар тайёрлаш масаласига келиб тақаляпти. Сизнингча, сўнгги йилларда соҳани профессионал кадрлар билан таъминлашга қаратилган ислоҳотлар қанчалик ўз самараси кўрсатди?

– Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йил 16 августда “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Мазкур қарор билан Ички ишлар вазирлиги тизимида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида бир қатор янгиланишлар амалга оширилди. Биринчи навбатда, мамлакатимизнинг 14 та маъмурий-ҳудудий бирликларида вазирлик академик лицейлари ташкил этилиб, услуксиз таълимнинг дастлабки босқичи йўлга қўйилди. Академиянинг кундузги таълим шаклига қабул Ички ишлар вазирлиги академик лицейлари, ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари ҳамда профилактика инспекторларининг ёрдамчилари таркибидан амалга ошириладиган бўлди. Академиянинг кундузги таълимида ўқиш муддати тўрт йилдан уч йилга қисқартирилиб, битирувчиларга магистр даражасига тенглаштирилган олий маълумот (“юрист” малакаси) ҳамда “лейтенант” махсус унвони берилиши йўлга қўйилди. Ўқув жараёнида мутахассислик йўналишлари сони еттитага етказилди. Бундан ташқари, сиртқи таълим, касбий тайёргарлик ҳамда раҳбар кардларни тайёрлаш факультетлари ташкил этилиб, ички ишлар органи ходимларини мақсадли ўқитиш тизими жорий қилинди.

Бироқ сўнгги йилларда вазирлик академик лицейлари билан Ички ишлар вазирлиги академияси ўртасидаги ўзаро уйғунлик ва ҳамкорлик, тажриба алмашиш, лицейлар ўқув жараёнини зарур адабиётлар билан таъминлаш масаласига етарлича эътибор қаратилмади. Аслида, узлуксиз таълимни йўлга қўйишдан мақсад ҳам ўқувчиларнинг билим салоҳияти, касбий фазилатларини шакллантириш орқали уларни Ички ишлар вазирлиги академиясида ўқитиш учун мақсадли тайёрлаш кўзланган эди.

Охирги пайтларда таълимда назария ва амалиёт ўртасидаги боғлиқликни таъминлаш, олинган назарий таълимни амалиётда мустаҳкамлаш борасида муайян бўшлиқнинг юзага келгани Академияни тамомлаган ёш мутахассисларнинг юқорида айтиб ўтганимиздек, кейинчалик амалий фаолиятга мослашиб кета олмаслигига олиб келмоқда.

Таълим жараёни билан боғлиқ яна бир муаммо борки, у профессор-ўқитувчиларимизнинг педагогик маҳорати, ўқитишга замонавий жиҳатдан ёндашмаётгани билан боғлиқ. Ўқув жараёнида интерфаол методлар, ахборот технологиялари ҳамда илғор хорижий тажрибалардан самарали фойдаланмаслик, таълим сифати ва самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Қолаверса, профессор-ўқитувчиларнинг илмий-тадқиқот ишлари долзарб муаммолардан келиб чиқиб шакллантирилмагани яхши самара бермаяпти.

– Мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари, умуман, Академиянинг ўқув жараёнини такомиллаштириш, моддий-техник базасини ривожлантириш, илмий салоҳиятини янада юксалтириш, айниқса амалиётдаги муаммоларни илмий жиҳатдан тадқиқ этиш бўйича қандай чора-тадбирлар белгилаб олинди?

– Бу борада Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз томонидан бир қатор устувор йўналишлар белгилаб берилди. Шундан келиб чиқиб, ҳозирда кўп йиллик педагогик ва амалий тажрибага эга ходимлар, профессор-ўқитувчилардан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилиб, Академияни яқин истиқболда ислоҳ этишга доир “Ривожланиш стратегияси” ишлаб чиқилмоқда. Кадрлар тайёрлаш тизимини янги босқичда ташкил этиш, таълим-тарбия жараёни сифати ва самарадорлигини ошириш учун қатор устувор йўналишлар белгилаб олинди:

Жумладан, Академиядаги таълим замонавий стандартларга мувофиқ, икки босқичда – бакалавриат ва магистратура асосида йўлга қўйилади. Тингловчи ва курсантларга таълим бериш жараёни тубдан ислоҳ этилади. Назария ва амалиёт уйғунлиги кучайтирилиб, машғулотлар замонавий инновация, ахборот технологиялари ютуқлари асосида ташкил этилади. Пировардида, тингловчи ва курсантларнинг касбий билимлари, амалий кўникмалари, маънавий-ахлоқий, руҳий фазилатларини, ватанпарварлик туйғуларини янада юксалтириб бориш чора-тадбирлари кўрилади.

Халқаро тажриба алмашинувини ривожлантириш асносида профессор-ўқитувчилар, ходимлар, тингловчи ва курсантларнинг педагогик маҳорати, малакаси мунтазам ошириб, мақсадли ўқитиб  борилади.

Тингловчи-курсантларни ватанпарварлик руҳида касбга садоқатли ходим сифатида тайёрлаш мақсадида улар билан олиб бориладиган тарбиявий-психологик, маънавий-маърифий ишлар тизимини замон талаблари даражасида ташкил этиш чоралари кўрилади.

Академия профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот фаолияти амалиётдаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечимларига йўналтирилади. Академия илмий жамоаси томонидан криминоген вазияти оғир ҳудудларга борилиб, содир этилган жиноятларнинг сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитлар илмий жиҳатдан ўрганилади ҳамда шу асосда “илмий диагноз” қўйилади, шунингдек жиноятчиликни жиловлаш бўйича илмий асосланган хулосалар бериб борилади.

Академиянинг кенг кўламли фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, таълим-тарбия жараёни ва илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш имконини берувчи инновацион дастурий таъминотлар кенг жорий этилади.

Академиянинг Ички ишлар вазирлиги ихтисослаштирилган мактаб интернати, академик лицейлари, Нукус “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейи билан олиб борадиган ўқув-методик мувофиқлаштириш, маънавий-маърифий қўллаб-қувватлаш, амалий-методик ёрдам кўрсатишдаги етакчилик роли кучайтирилади.

Ўқув даргоҳининг моддий-техника базаси янада бойитилади. Хусусан, таълим сиафатини ошириш мақсадида симуляция ва модуляция маркази, замонавий технологиялар билан жиҳозланган ўқув ва амалий машғулотлар хоналари барпо этилади.

Ушбу устувор вазифаларнинг амалдаги ижросини таъминлаш учун куч ва салоҳиятимизни бир мақсадга йўналтириб, ислоҳотлар суръати билан баравар одимлашимиз керак. Ҳар биримиз шахсий масъулиятни ҳис этиб, касбимизга виждонан ёндашсак, фидоийлик, ташаббус ва шижоат билан хизмат қилсак, фаолиятимизни танқидий баҳолаш баробарида, мақсадни тўғри олсак, ўйлайманки, кўзлаган маррага, албатта, етамиз.

 

Жамшид ХОЛОВ суҳбатлашди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech