Ўз Ру En
×

ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ УЧУН КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ МУТЛАҚО ЯНГИ ТИЗИМДА ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

Ички ишлар вазирлиги академиясида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 12 февраль кунидаги Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берган устувор вазифаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Президент Админстрацияси, вазирлик марказий аппарати вакиллари, бир қатор соҳавий хизматлар раҳбарлари, таълим муассасалари мутасаддилари, шунингдек Академия шахсий таркиби аъзолари иштирок этди.  

Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган йиғилишни Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов олиб борди. Йиғилиш аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи лавозимига тайинланган полковник Рустам Абдуғаниевич Хатамов жамоага таништирилди.   

Маълумки, ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, соҳа учун етук малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ички ишлар вазирлиги академияси бу борада республикамизнинг етакчи олий таълим муассасаси саналади. Сўнгги йилларда мазкур ўқув даргоҳида кадрларни тайёрлаш, касбий тайёрлаш ва малакасини оширига қаратилган бир қатор чора-тадбирлар қилинди. Ўқув жараёнида мутахассислик йўналишлари сони кўпайтирилиб, илғор ёндашувлар татбиқ этилди. Академиянинг илмий салоҳиятини юксалтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, халқаро тажрибани ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Бироқ мамлакатимизда кечаётган шиддатли янгиланишлар жараёнида таълим самарадорлигини тубдан такомиллаштириш, ёш кадрларнинг касбий ва маънавий-ахлоқий фазилатларини мустаҳкамлаш ҳам долзарб вазифага айланаётгани ҳеч кимга сир эмас.

– Ҳар биримиз ислоҳотларга мос қадам ташлашимиз лозим, – деди П.Бобожонов. – Ёшларимизнинг билим олиши учун замонавий шарт-шароитларни яратиш баробарида, ўқитишнинг илғор методларини ҳаётга татбиқ этишимиз лозим. Афсуски, орамизда эски андозалар билан дарс ўтадиган, давр руҳидан бир қадам ортда қолаётган педагогларимиз ҳам йўқ эмас. Таҳлилларга эътибор қаратсак, таълим даргоҳини битирган ёш мутахассислар ҳеч қанча вақт ўтмасдан шахсий хоҳишларига кўра ўз хизмат вазифаларидан бўшаб кетаяптилар. Раҳбарлик лавозимларига тайинланган кадрлар эса бир йил ўтиб ўз вазифасидан озод этиляпти. Бу каби муаммоларга касбий билим ва фазилатларнинг етишмаслиги асосий омил бўлмоқда.

Йиғилишда кадрлар тайёрлашда кечиктириб бўлмас бир қатор вазифаларга урғу қаратилди. Чунончи, таълим сифатини мутлақо янги тизимда йўлга қўйиш, бу борада халқаро тажрибанинг самарали механизмларини татбиқ этиш, назария ва амалиёт уйғунлигини янада мустаҳкамлаш, тингловчи-курсантларнинг касбий фазилатларини тизимли равишда юксалтириб бориш, Академиянинг илмий салоҳиятини ошириш, вазирлик таълим муассасалари ўртасидаги узлуксиз таълим сифатини ошириш борасида аниқ тавсиялар берилди.

Ички ишлар вазирлиги академияси зиммасига тизим ходимларининг малакасини ошириш, уларни касбий тайёрлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишида илмий-методик ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ топшириқлар юкланди. Бу борада “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, профессор-ўқитувчилар томонидан жойларда ички ишлар ходимлари учун ўқув машғулотлари ташкил этилиб, криминоген вазияти оғир ҳудудларнинг аҳволини ўрганилади. Жиноятчиликнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитлари илмий асослантирилган ҳолда таҳлил қилиниб, аниқ таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилади кўрилади.    

– Таълимда назария ва амалиёт ўзаро бир-бирини тўлдириши керак. Курсантларга билим бериш, амалий кўникмаларини шакллантириш билан чекланиб қолмасдан, мутахассислик кафедралари қошида жиноятчиликни прогнозлаш тизимини йўлга қўйишни ҳам давр тақозо этмоқда, – деди П.Бобожонов.

Йиғилишда Президент Админстрацияси ҳамда Тошкент шаҳар Ишчи ишлар бош бошқармасидан вакиллар сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларнинг амалдаги ижросини таъминлаш масалаларига тўхталишди.

Академиянинг илмий ва илмий-педагогик салоҳиятини юксалтириш, ўқув жараёнига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш,  профессор-ўқитувчилар малакасини юксалтириш, уларни хорижий мамлакатларда қисқа ва узоқ муддатли ўқув курсларига жалб қилиш, илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга самарали татбиқ этиш, машғулотларни амалиётга яқинлаштирилган ҳолда ташкил этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг янги тизимини ишлаб чиқиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. 

 

Жамшид ХОЛОВ,

ИИВ Академияси ахборот хизмати ходими.     

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech